Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бугун, 16 июл куни Яккабоғ туманида сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, сайёр қабул бошланишидан аввал вилоят ҳокими 2019 йилда Яккабоғ туманида мулклари бузилган фуқароларга тўланиши лозим бўлган ва тўланмай қолиб кетган пулларни топширган.

Қайд этилишича, “снос” учун ўз пулларини ололмай юрган фуқароларга жами 2 миллиард 300 миллион сўм тўлаб берилган.

Kun.uz'га маълум бўлишича, тумандаги “снос”лар бўйича аҳоли ва тадбиркорларга яна 1,6 миллиард сўм тўлаб берилиши керак. Қолган қарздорлик август ойида бартараф этилиши айтилмоқда.

Зойир Мирзаев / Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Эслатиб ўтамиз, бундан икки йил олдин – 2019 йил 20 июль куни Яккабоғ туманида содир бўлган воқеа бутун мамлакатда “снос” масалалари ислоҳотга муҳтож эканини кўрсатган эди. Ўшанда туман ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган М.Туймаев бульдозер бошқарувига ўзи ўтириб, тадбиркорнинг биносини бузиб ташланаётганида, тадбиркор унинг устига бензин сепиб, олов ёқиб юборганди.

Бир неча кун олдин Kun.uz “Яккабоғ “замҳокими”га ўт қўйишганига 2 йил бўлди. Ўшанда бузилган бинолар учун компенсация ҳамон тўлиқ тўланмаган” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилди. Мақолада 2019 йилда Яккабоғ туманида амалга оширилган “снос” учун ҳанузгача ўнлаб фуқаролар ўз пулларини ололмай юрганлари ёритилганди.