26 май куни бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берганди. Суҳбат давомида жумладан, Ўзбекистон шахмат федерацияси ходимлари 6 ойдан буён маошларини ололмаётгани масаласи ҳам кўтарилган ҳамда Абдуҳакимов бу масала ўз ечимини топганини маълум қилган.
«Олти ой эмас, сал камроқ. Бу масала ечилди. Ўзим бориб шуғулландим. Биласиз, федерацияда бунгача жуда катта муаммолар бўлган. Бизнинг бир қатор иқтидорли, ёш қизларимизга йўл берилмаган. Бир қанча инсонлар эса фақат ўз яқинларини халқаро турнирларга юбораверган. Биз буни ҳам бартараф этдик», деганди у.
Шахмат федерациясига ҳам раҳбарлик қилиб келаётган Азиз Абдуҳакимовнинг юқоридаги жавобидан кейин масала ечимини топганига ёки ҳеч бўлмаса, шундан кейин ечилишига ишонгандик. Аммо...
Шу кунларда шахмат федерациясида ишловчи масъул ходимларидан бири таҳририят билан маошлар масаласида боғланди. Шахси сир қолишини сўраган манбага кўра, Азиз Абдуҳакимовнинг ойликлар масаласида Kun.uz’га берган жавоблари мутлақо ёлғон. У маошлар масаласини ҳал қилганича йўқ. Ташкилот ходимлари ҳозир ҳам ойлик-маошсиз ишлаб келмоқда.

У бу борада бизга яна қуйидагиларни сўзлаб берди:
«Ойлик-маошлар муаммоси федерацияда ўтган йили апрель ойида бошланганди. Ўшанда раҳбарият карантин сабаб, федерация ходимларини иш ҳақи тўланмайдиган тартибда меҳнат таътилига чиқариб юборганди. Аммо шу билан бирга иш онлайн тарзда давом этаверди. Биз шу тартибда апрель ойидан йил охири – декабргача ишладик.
2021 йил январь ойида эса президент Шавкат Мирзиёевнинг «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчилар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори чиқди. Шу қарор билан Ўзбекистонда шахматни ривожлантириш, шунингдек, федерация ходимларининг ойлиги масаласида сезиларли ишлар ҳам қилина бошланди. Масалан, 2021 йил январида марказий шахмат клубидан қарз олинди ва шу қарз ҳисобидан ходимларга январь-февраль ойи учун маошлар тўлаб берилди. Аммо ходимларга ойлик тўлаш шу икки ойни айтмасак, яна тўхтатилди.
Афсуски, шундан бери, мана 5 ойдирки, ойлик олмай ишлаяпмиз. Рости, кўп ходимлар, жумладан, ўзим ҳам дўст-танишлардан қарз-ҳавола қилиб яшаяпман», дейди федерация ходими.

















