Иқтисодиёт | 16:15 / 27.07.2021
8548
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк: Йил охиригача ялпи ички маҳсулот 6,8 фоизгача ўсиши прогноз қилинмоқда

Ўзбекистон Марказий банки ўтган чоракда ЯИМ ўсиш прогнозини 5,8 фоиз қилиб белгилаган бўлса, энди бу миқдорни 6,8 фоизга оширди.

Ўзбекистон Марказий банки ярим йиллик якунлари натижаларидан келиб чиқиб, иқтисодий ўсиш суръатларини қайта баҳолади.

ЯИМ прогнозлари қандай?

Янгиланган прогнозларга кўра, 2021 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажмининг реал ўсиши биринчи чорак якунлари бўйича прогноз қилинган дастлабки (4,5-5,5 фоиз) кўрсаткичлардан 1 -1,3 фоизга юқори бўлиб, 5,8-6,8 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда.

Марказий банк иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда асосий омилларни келтирди:

  • 2021 йилда ҳам иқтисодиётни фискал рағбатлантиришнинг давом эттирилиши;
  • 2020 йилнинг 4-чораги ва 2021 йил 1-ярим йиллигида пул-кредит шароитларининг ўзгаришсиз сақланиб қолиши фонида ялпи талабнинг тикланиб бориши;
  • иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар натижасида хусусий инвестициялар жалб қилинишининг жадаллашиши.

Инфляция даражаси бўйича кутилмалар қандай?

Регулятор 2021 йил учун инфляция бўйича прогнозларни 9-10 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.  

Истеъмол харажатлари қанчага ўсади?

Прогнозларга кўра, якуний истеъмол харажатларининг реал ўсиши 7-8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Хусусан, уй хўжаликлари истеъмол харажатларининг 7,5-8,5 фоизга ва давлат бошқаруви органлари харажатларининг 7-8 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Истеъмол ҳажмининг реал ҳисобда ўсиши пандемия сабабли кечиктирилган талабнинг юзага чиқиши ҳамда уй хўжаликлари даромадларининг тикланиши билан изоҳланади.

Инвестициялар ҳажми бўйича прогнозлар қандай?

Aсосий капиталга инвестициялар ҳажми йил якуни бўйича 13-18 фоизга, хусусан, марказлашган инвестициялар ҳажми 24-26 фоизга, марказлашмаган инвестициялар ҳажми эса 10-16 фоиз атрофида ўсиши прогноз қилинмоқда.

Экспорт импортга нисбатан ўсиши мумкин

Экспорт ҳажмлари (олтин экспортини ҳисобга олмаганда) ўтган йили пандемия сабабли кескин камайишидан сўнг, ички ва ташқи иқтисодий фаолликнинг тикланиши ҳисобига жорий йилда 20-25 фоиз атрофида, импорт ҳажмларининг эса 12-15 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Мавзуга оид