Kun.uz мухбири сайёр қабул якунида Қўмита раиси Алишер Мақсудов билан Ўзбекистонда долзарб бўлиб турган экологик муаммолар, уларнинг ечимлари, ижтимоий тармоқларда Қўмита ва унинг раҳбариятига билдирилаётган танқидий фикрлар ҳамда Қўмита олдида турган долзарб вазифалар юзасидан интервью уюштирди.

— Охирги йилларда мамлакатда бўй кўрсатаётган экологик муаммолар, қайта-қайта такроланаётган экологик жиноятлар Ўзбекистоннинг жиноий, маъмурий қонунчилигида экологик қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик масаласи қатъий ҳарактерда эмаслигини кўрсатмоқда.

Сизнингча, бу борадаги тартибларни қатъийроқ белгилаш вақти келмадими?

— Экология қонунчилигини кучайтириш учун кўп қонунлар чиқяпти. Жорий йил бошидан буён иккита ана шундай қонун чиқди. Шунингдек, бу борада президент қарори ҳам қабул қилинди. Катта бир илмий академик жамоа яна бошқа қонунчилик устида иш олиб бормоқда.

—Хўш, яқин вақт ичида биз бу соҳада айнан қандай ўзгаришларни кутишимиз мумкин?

— Ҳозирги киритилаётган қонунчиликдаги ўзгаришлар маиший чиқиндилар, дарахт кесишга қарши кураш, шунингдек, карьерлар фаолиятини тартибга солиш каби йўналишларда олиб бориляпти.

— Айнан сизнинг имзоингиз билан ваҳшийларча отилган қўнғир айиқ масаласи. Бу борада қўмитанинг турли мутахассислари тушунтиришлар беришди. Бугун ўзингиз бу масалада тушунтириш берсангиз.

— Қўнғир айиқни отиш масаласида давлат Экология қўмитасининг ўзи қарор қабул қилмаган. Рухсат берган комиссия таркибида Фанлар академияси олимлари, академиклар, фан докторлари бор ва бу ишнинг ҳисоб-китоби қилиб бўлингандан кейин шу қарорга келинган ва мен фақат тасдиқлаб берганман.

— Ўрганишларим бўйича, «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонлар сони бўйича академия маълумотлари ҳам айрим ҳолатларда тахминларга асосланади. Экология қўмитаси буни назоратга олиши керак эмасми?

— Комиссия таркибида фақатгина ФА олимлари эмас, бошқа ташкилотлардан ҳам вакиллар киритилган. Эшитган бўлсангиз, Сурхондарёда айиқлар томонидан 40та қўй бўғизлаб ташланган, Қашқадарёда эса айтиб бўлмайдиган даражада ишлар бўлган. Мана шу каби ҳолатларни ишчи гуруҳ ўрганиб чиққандан кейин хулосасини беради. Битта ташкилот хулосасига кўра иш тутилмайди, мен бунга ишонмайман, бошқаларнинг ҳам хулосаларини олиш керак.