Ўзбекистон | 11:02 / 29.07.2021
1661
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда йўловчига 250 минг сўмга сохта ПЗР-тести натижасини сотган такси ҳайдовчисига суд ҳукми ўқилди

Самарқанд шаҳрида хорижга чиқмоқчи эканини айтган йўловчи аёлга 250 минг сўм эвазига сохта ПЗР-тести натижасини сотган такси ҳайдовчисига ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида таксичилик фаолияти билан шуғулланувчи А.Р.га машинасига ўтирган йўловчи аёл хорижга кетмоқчилигини, аммо коронавирус тести натижаси йўқлигини айтган. Шунда ҳайдовчи ярим соатда 400 минг сўм эвазига ПЗР тест натижаларини тайёрлаб беришини айтган.

Қайд этилишича, у йўловчи аёлдан паспорт нусхасини Телеграм орқали ташлаб беришини сўраган. Аёл анализ топширмоқчи бўлганида, ҳайдовчи унга ҳаммаси онлайн бажарилишини айтган. Шундан сўнг, ҳайдовчи Самарқанд шаҳрида жойлашган хусусий клиникалардан бирининг номидан сохта тест натижаларини тайёрлаган. Ҳайдовчи сохта ПЗР тест натижасини аёлга бериб, ундан 250 минг сўм олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан такси ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айблов эълон қилиниб, тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида такси ҳайдовчиси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми ва 228-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Суд унинг оилавий шароитини ҳисобга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баробари, яъни 8 миллион 575 минг сўм жарима жазоси тайинлаган.

Мавзуга оид