Жамият | 12:29 / 30.07.2021
5444
2 дақиқада ўқилади

Республика мактабларининг 90 фоизига оптик толали интернет тармоғи етказилмоқда – Вазирлар Маҳкамаси

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси давлат дастурининг 2021 йил биринчи ярим йиллиги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи эшитилди. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев биринчи ярим йиллик ҳисоботини ўқиб эшиттирди.

Ҳукумат ҳисоботида халқ таълими тизимида таълим сифатини ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилгани, 90 фоиз мактабларга оптик толали интернет тармоғи етказилаётгани айтилди.

«Республиканинг 90 фоиз умумтаълим мактабларига юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғи етказилмоқда ҳамда 2550та таълим муассасаси ички локал тармоқ ускуналари ҳамда Wi-Fi қурилмалари билан таъминланди.

Олий таълим билан қамровни ошириш мақсадида президент қарори қабул қилинди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ОТМларга ажратиладиган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 25 фоизга оширилди. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йили жами қабул кўрсаткичи 150 бўлса, жорий йил 180 минг режалаштирилмоқда», деди Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев.

Республикадаги барча мактаблар оптик толали интернет билан таъминланиши бугун пайдо бўлган гап эмас. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов октябрь ойида Москвада бўлиб ўтган «Очиқ инновациялар-2019» форумида 2020 йил охиригача мамлакатдаги барча мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт муассасалари оптик толали интернет билан қамраб олинишини айтганди.

Бундан ташқари, президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 11 май куни бўлиб ўтган рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришга бағишланган йиғилишда АКТ вазири Шуҳрат Содиқов телекоммуникациялар қурилиши ва кенгайтирилиши ҳисобига 2020 йил охиригача 11,3 мингта ижтимоий объект, жумладан, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг 100 фоизи, мактабларнинг 70 фоизи оптик толали интернетга уланишини маълум қилган. Бироқ амалда бу сўзларнинг ижроси таъминланмади. 2020 йилда ушбу режа 70 фоизга бажарилиб, яна 1600та мактабни интернетлаштириш 2021 йилга қолдирилган эди.

Мавзуга оид