Муҳтарам ватандошлар!
Қадрли дўстлар!
Сиз, азизларни, бутун Ўзбекистон халқини мамлакатимизда биринчи бор нишонланаётган байрам – Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 30 июль – бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланиб келади. Ўзбекистонда шу йил 10 февралда қабул қилинган қонунга асосан ушбу сана Халқлар дўстлиги куни деб белгиланди. Бу байрамнинг таъсис этилиши бутун республикамиз аҳолисининг айни кўнглидаги иш бўлди.
Бизнинг қадимий ва қутлуғ заминимиз кўп асрлар давомида Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашиб, турли цивилизация ва маданиятлар ўзаро муносабатга киришган, нафақат савдо, балки гуманитар алоқалар амалга оширилган марказ бўлиб келган. Бу ерда ёнма-ён яшаган турли халқлар, маданият ва динлар вакилларининг айнан дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари минтақамизнинг маданий ривожи учун қудратли омил бўлган.
Чиндан ҳам, бизнинг аждодларимиз оғир замонларда авваламбор кўпмиллатли халқимизнинг бирлиги ва жипслиги, фидойилиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглигига таяниб, барча синов ва машаққатларни енгиб ўтган.
Ўзбекистон – улкан имконият ва ресурсларга эга бўлган мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир.
Биз бундай бебаҳо бойлик билан ҳақли равишда фахрланамиз ҳамда давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга йўналтирамиз.
Мустақил Ўзбекистонда миллатлар ва конфессиялараро тотувлик ва ўзаро бир-бирини тушуниш, ёш авлодни бағрикенглик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.
Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани муҳрлаб қўйилган. Уларга ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.
Кейинги йилларда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ўзининг сифати ва маъно-мазмунига кўра янги, янада юксак босқичга кўтарилди.
Бугун биз ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсадни қўйдик. Ҳеч шубҳасиз, бу борада жамиятимизда қарор топган дўстлик ва бирдамлик муҳити мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, ислоҳот ва янгиланишлар йўлидан изчил илгарилаб бориш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишнинг мустаҳкам асосидир.
















