Жамият | 15:38 / 02.08.2021
6030
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда сохта COVID-19 тести натижасини сотаётганда ушланган шахснинг укаси ИИБ ходимига 5 минг доллар пора бермоқчи бўлди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилоятида сохта COVID-19 тести натижасини сотаётганда ушланган шахснинг укаси «ишни тинчитиш» учун ИИБ ходимига 5 минг АҚШ доллари пора бермоқчи бўлганида қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 30 июль куни Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан Тойлоқ тумани марказида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида 1990 йилда туғилган, Самарқанд шаҳри Имом Восе маҳалласида яшовчи Х.Д. фуқаролардан бирига COVID-19 вируси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги сохта тест таҳлилини 180 минг сўмга сотган вақтда ашёвий далиллар билан ушланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида фуқаро Х.Д. нинг укаси ишни расмийлаштирмаслик ва ижобий ҳал қилиб бериш эвазига тезкор ходимга 5 минг долларни пора сифатида таклиф қилган.

Ходим пора таклиф қилиш Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантиришига қарамай, Х.Д. кейин келиб учрашишини айтиб чиқиб кетган. Ходим ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғига билдирги билан мурожаат қилган.

Билдиргига асосан 2021 йил 31 июль куни ИИВ ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўлими ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро И.Х. тезкор ходимга 5 минг долларни пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодекснинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид