UzbekLife хорижда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Жанубий Кореянинг Кёнсанг университети докторанти Дилфуза Гузарова.

Суҳбатимиз ватандошимизнинг Кореядаги ҳаёти, оиласи, карьераси ҳақида кечди.

GKS дастурининг стипендия ғолиби бўлганман

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқиганимда ўрганиш учун иккинчи тил сифатида корейс тилини танладим. Университетимиз ва корейс университетлари ўртасидаги талаба алмашинув дастурида ҳам ғолиб бўлдим ва бир йил Кореяда таълим олиб келдим.

Ўқишни тугатгач, Кореядаги энг нуфузли GKS (Global Korea Scholarship) дастури стипендиясини ютиб, Кореяда магистратурада ўқиш имкониятини қўлга киритдим. Ушбу стипендия дастурига кўра ғолибларга ўқиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Бундан ташқари, яшаш харажатлари учун 1 млн вон (тахминан 1000 АҚШ доллар) миқдорида стипендия берилади. Агар корейс тилини билиш даражаси TOPIС 5-6 бўлса, яна қўшимча 100 минг вон (тахминан 100 АҚШ доллар) стипендия берилади. Суғурта пули университет томонидан қопланади ва тадқиқот ўтказиш ва бир қатор харажатлар учун ҳам ҳар семестрда 200 доллардан пул ажратилади. Диплом ёзиш билан боғлиқ харажатлар учун эса 500 доллардан 800 АҚШ долларгача пул берилади. Грантни муваффаққиятли тамомлаган талабалар учун мамлакатига қайтиш чиптаси ва турли совғалар, шунингдек, 100 АҚШ доллари пул совға тариқасида тақдим этилади.

Баҳолар 90 дан юқори бўлиши керак

Мен икки йиллик магистратурани муваффақиятли битириб, докторантурада ҳам ушбу университетда ўқияпман. Бу ерда талаба корейс тилидан етарли билимга эга бўлмаса, 1 йил тил курсларида корейс тилини ўрганишига тўғри келади. Мен стипендия ютганимда TOPIС 5 даражам бўлгани сабабли тўғридан тўғри магистратурада ўқишни бошлаганман. Магистратурага ўқиш учун келиш харажатлари ҳам ушбу грант томонидан қопланган. Айнан шу стипендия бўйича PhD ўқиш учун магистратурадаги баҳолар 90 дан юқори бўлиши талаб қилинади.

Ҳозир таътилда оилам билан кўпроқ вақт ўтказяпман