Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарё вилояти экология бошқармаси Деҳқонободда коврак ширасини ноқонуний йиғганлардан 3 миллиард сўм ундирмоқчи
Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси Деҳқонободда коврак ширасини ноқонуний йиғганлардан 3 миллиард сўм ундириш учун вилоят прокуратурасига мурожаат қилган. Бу ҳақда Деҳқонобод тумани экология инспекциясига таяниб, туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод тумани экология бўлими бошлиғи “Қизил китоб”га киритилган коврак ўсимлигини ўз манфаати йўлида ишлатаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекцияси мазкур хабар бўйича изоҳ берган.
Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда Деҳқонобод тумани ҳудудида ҳеч кимга «Қизил китоб»га киритилган коврак ўсимлиги шира-смоласини йиғиб-теришга махсус рухсатнома (квота) берилмаган. Шунга қарамасдан маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар томонидан ўсимлик илдиз қисмларини ковлаш, қазиш ишлари олиб борилган.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва туман инспекция ходимлари томонидан бу ҳолат бўйича «Торқопчуғай» МФЙ Себатли массивида ўрганиш ўтказилганда туманда фаолият юритаётган хусусий корхоналар ишчи хизматчилари томонидан коврак ўсимлиги шира-смоласи йиғилаётгани маълум бўлган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан мониторинг маълумотномаси тузилиб, ҳар бир илдиз қисмлари ковлаб қазилган коврак ўсимлиги саноқдан ўтказилган. Табиатга етказилган зарар ҳисобланиб, 3 миллиард сўмга яқин суммани ундириш бўйича вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вилоят прокуратурасига мурожаат қилган.
Бундан ташқари, рейдлар ўтказиш жараёнида «Торқопчуғай», «Қўрғонтош», «Қолувдор», «Ўзбекистон» МФЙ ҳудудларида маҳаллий аҳоли ҳам коврак ўсимлиги шира-смоласини йиғиш мақсадида ўсимлик илдиз қисмларини ковлагани аниқланган. Инспекция ходимлари ҳолат юзасидан эллик нафарга яқин фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекнинг 81-модда 1-қисми бўйича маъмурий жарима қўллаган.
Маълумот учун, 2021 йил 8 июлда президентнинг «Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинган. Мазкур қарорнинг 6-бандига асосан, эндиликда жисмоний ва юридик шахслар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигидаги яйловлар ҳудудида доривор ўсимликларни, шу жумладан, коврак ўсимлигини йиғиш, экиш ва етиштириш учун қўмита билан ижара шартномаси тузиб, унда белгиланган ҳудудларда режасини амалга ошириши белгилаб берилган.
Президентнинг 2020 йил 2 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонига кўра, Деҳқонобод туманидаги барча – 177 минг гектар ер майдони Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ҳисобига ўтган. Шу жумладан, туманда фаолият олиб борган ва ҳар йили ўртача 5-6 миллион долларлик экспорт кўрсаткичларига эга бўлган 21 нафар коврак етиштирувчи тадбиркорларнинг ерлари ҳам қўмита ҳисобига ўтиб кетган.