Маҳаллий расмийларнинг BBC’га маълум қилишича, Қундузнинг барча туманлари «Толибон» назоратига ўтган, фақат аэропорт ҳудуди ҳукумат ҳарбийлари қўлида қолмоқда. Хабарларга кўра, шаҳарда ёнғин бошланган, Қундуз марказида «Толибон» байроғи ўрнатилган.

Reuters агентлиги тинч аҳоли орасида қурбонлар борлигини хабар қилган, жумладан аёллар ва болалар ҳам ҳалок бўлган.

Кундуз мудофааси учун Афғонистон армиясининг махсус бўлинмалари ташланганди / Reuters

Афғонистоннинг шимолий вилоятлари ва Марказий Осиёга дарвоза вазифасини ўтовчи ушбу 270 минг кишилик аҳолига эга шаҳар учун сўнгги ҳафталарда жанглар давом этаётганди.

Қундуз Афғонистоннинг толиблар қўлига ўтган учинчи вилоят маркази бўлди, бу ҳозирча «Толибон»нинг энг катта ғалабасидир.

Қуйидаги Афғонистон харитасида 6 август кунги ҳолат акс этган, аммо мамлакатдаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда.

Америкалик ҳарбийлар Афғонистондан олиб чиқилиши фонида толиблар кенг кўламли ҳарбий кампания бошлаганди. Аммо август ойи бошига қадар ҳукумат кучлари вилоятлар марказларини ўз қўлида сақлаб турган, америкалик ҳарбийлар авиация орқали уларни қўллаб турганди.

Сўнгги ҳафталар давомида толиблар Афғонистоннинг кўплаб туманларини эгаллаб олганди, энди эса ҳаракат аъзолари йирик шаҳарлар ва вилоятларнинг маъмурий марказларини қўлга олиш учун ҳаракат бошлади - сўнгги уч кунда эса уч вилоят маркази қўлга киритилди.

Жума куни мамлакат жануби-ғарбидаги Нимрўз вилояти маркази Заранж деярли жангсиз уларнинг қўлига ўтганди. 

Афғонистон: Толиблар илк бор вилоят марказини эгаллашди

Хабарларга кўра, айни вақтда Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор каби шаҳарлар учун ҳам шиддатли жанглар кечмоқда.

АҚШ ва Британия ўз фуқароларини имкон қадар тезроқ Афғонистонни тарк этишга чақирмоқда. Америка ҳукумати ватанга қайтиш учун чиптага тўлов қила олмайдиган фуқароларга кредитлар таклиф этмоқда.