Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган «Толибон» ҳаракати илк матбуот анжуманини ўтказди. «Ал-Жазира» матбуот анжуманини трансляция қилди.

Ҳаракатнинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид толиблар жаҳон саҳнасида ҳеч ким билан душманлик муносабатида бўлишни хоҳламаслигини айтди.

У толиблар Афғонистоннинг «тўқнашувлар майдони» бўлиб қолишига йўл қўймасликларини таъкидлади.

«20 йиллик курашдан сўнг биз чет элликларни қувдик ва бутун миллат учун ғурурланиш онлари келди», – деди Мужоҳид.

Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракати аввалги ишлар учун ҳеч кимдан «қасос олишга уринмайди», ҳаракат «ҳаммани кечирди».

Бу хусусда гапирган ҳаракат мулозими Афғонистоннинг собиқ ҳукумати ҳарбийлари, халқаро кучлар билан ҳамкорлик қилганлар ва таржимонлар таъқиб қилинмаслигини қайд этди.

«Ҳеч ким сизга зиён етказмайди, ҳеч ким эшигингизни тақиллатиб бормайди», – деди у.

Забиҳулла Мужоҳид / Фото: AP Photo/Rahmat Gul

Мужоҳид толиблар бошқа мамлакатлар билан бевосита мулоқотга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакатдаги барча элчихоналар ва ноҳукумат ташкилотлар тўлиқ хавфсизликда. «Толибон», шунингдек, мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларга ҳужум қилиш учун фойдаланилишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.

Ҳаракат вакили мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини, уларга шариатга риоя қилган ҳолда фаол турмуш тарзини олиб боришга имкон берилишини айтди. У шунингдек, аёллардан бутун тана ва юзни ёпиб турувчи бурқа эмас, ҳижоб тақиш талаб қилинишини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги «минглаб мактаблар ишлашда давом этади».

Забиҳулла Мужоҳид янги ҳукумат мамлакат иқтисодиётини тиклашга эътибор қаратишини айтди.

«Иқтисодий вазият яхшиланади. Бунга эришиш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш учун жиддий чоралар кўрамиз», – деди у.

«Толибон» шакллантираётган ҳукумат аввалги ҳукуматдан яхшироқ ишлайди, деди Мужоҳид.

«Биз мамлакатни бошқарамиз, кейин эса бизнинг натижаларимизни бу ердан қочиб кетганларнинг натижаси билан солиштириб кўрасизлар», – деди у.