«Толибон» бир неча ой ичида қандай қилиб бутун Афғонистонни эгаллади, НАТО томонидан қуроллантирилган ва ўқитилган маҳаллий армия уни тўхтата олмади? BBC рус хизмати рўй берган ҳодисаларнинг сабабларини санади.

Коррупция ва жанговар руҳнинг йўқлиги
«Биз 20 йил ичида уч триллион доллардан ортиқ маблағ сарфладик. Биз афғон хавфсизлик кучлари учун 300 мингдан ортиқ кишини ўқитдик ва замонавий техникалар билан қуроллантирдик», деди АҚШ президенти Жо Байден ўтган ҳафтада.

20 йилликда биргина америкаликларнинг Афғонистон армияси учун сарфлаган маблағи 83 миллиард доллардан ортиқни ташкил этган.

300 минг киши - Афғонистон ҳукуматининг куч ишлатар тузилмалардаги шахсий таркиби бўйича расмий рақам: армия, ҳарбий-ҳаво кучлари ва полиция.

Толибларнинг асосий кучлари эса, АҚШнинг Вест-Пойнтдаги ҳарбий академияси ҳисобларига кўра, 60 минг киши атрофида; турли манбалар 75-80 минггача рақамларни келтиради.

Толиблар кўплаб вилоятларни жангсиз эгаллади / EPA

Аммо Бирлашган Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти вакили Жек Уотлингнинг фикрича, аслида афғон армияси раҳбарияти ҳам ўз ихтиёридаги барча ҳарбийларнинг аниқ сонини била олмаган.

Ҳукумат армияси учун хизматга чақирув жараёни ҳеч қачон маромига етказилмаган, армия ҳамиша дезертирлик, коррупция, улкан йўқотишлар ва жанговар руҳнинг жуда паст даражада бўлишидан азият чеккан. Айрим қўмондонлар фақат ҳужжатларда қайд этилган «арвоҳ аскарлар» учун маошларни ўзлаштириб келишган.

Foreign Policy журнали корреспонденти Линн О’Доннелл мамлакат мудофаа вазирлиги ва ички ишлар вазирлиги коррупция ботқоғига ботгани ҳақида ёзган. Унинг маълумотларига кўра, полициячилар ойлар давомида маош олишмаган, ҳарбийлар доимий равишда маошлар тўланиши кечикишидан шикоят қилиб келишган.

Newsnight манбаси ҳам Кобулдаги ҳукумат тезда қулашининг асосий сабаби сифатида Афғонистон армиясидаги ҳарбийлар сони рақамлардагидан олти баробар кам бўлгани, «Толибон» жангарилари сони эса ҳисоб-китоблардагидан икки баробар кўплигини айтган.

Вазиятдан хабардор бўлган икки манба афғон армияси ҳарбийлари сони аслида 50 минг киши атрофида бўлганини тасдиқлаган. BBC билан суҳбатда бўлган юқори мартабали амалдорлардан бири мамлакат мудофаа вазири ҳамда собиқ ташқи ишлар вазири ўртасидаги суҳбатда шундай рақамлар келтирилганини айтган.