Kun.uz мавзу юзасидан бир неча соҳа вакилларига мурожаат қилди.
“Сохта сертификат – ўз-ўзини алдаш”

Нурмат Отабеков, Республика коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси:
— Сохта ПЗР маълумотномалари сингари, қалбакилаштирилган эмланганлик сертификатлари ҳам пайдо бўлиши аниқ. Эмланганлик тўғрисидаги сертификатни сохталаштириб бераётган одамлар, менимча, ўз ота-онаси, қариндош-уруғлари, яқинлари, қолаверса ўзининг душмани. Сохта сертификат билан касалланган одам вакцина шаънига ёмон гапларни пайдо қилиб, эмланиш самарадорлигига салбий муносабатни шакллантириб, вакциналар сифатсиз деган миш-миш тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Майли, биз бир одамни алдармиз, жамоамизни алдармиз, лекин эртага биз касалликка чалинсак, уни уйимизга олиб кирсак, ота-онамизни дардга мубтало қилсак, норасида болаларни шикастласак, биз ўзимизга ўзимиз душманлик қилган бўламиз. Одамларнинг мусибатидан манфаат кўрар эканмиз, бу манфаат бизга ҳеч қачон юқмайди.
Ислом ёлғондан ва ёлғон гувоҳлик беришдан қайтаради

Ҳикматуллоҳ Тоштемиров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бош мутахассиси:
— Эмланганлик ҳақидаги ҳужжатни қалбакилаштириш ҳолатлари кўзга ташланяпти. Бунга динимиз нима дейди? Динимизда умумий қоида инсонлар ростгўй бўлишга чақирилади, ёмондан, ёлғондан қайтарилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга ростгўйлик борасида намуна бўлганлар. У киши ҳатто Исломдан аввал ҳам ростгўй, ишончли деган эътирофга сазовор бўлганлар – Муҳаммад ал-Амин дейишарди.
Биз умматнинг ҳам асосий фазилатларидан бири ростгўйлик, ҳалоллик бўлмоғи даркор. Ротсгўйликнинг акси – ёлғон. Ҳозир гаплашиб турганимиз – вакцина олганлик ҳақидаги сертификатни сохталаштириш фақат инсоннинг ўзида қоладиган ёлғон ва алдов эмас, у бошқаларга ҳам дахл қилади.
Сўзимиз турли йўллар билан сертификатни қўлга киритишга уринаётганларга ҳам, шу ҳужжатни сохталаштириб бераётганларга ҳам тааллуқли.
Янги тартибга кўра, айрим муассасаларга ишчи-ходимлари эмланганлик шарти билан фаолият кўрсатишга рухсат берилди. Одамлар уларнинг эмланганига ишониб киради, уларнинг сертификати эса – сохта. Бу инсонлар ишончини суиистеъмол қилишдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Бизни алдаган биздан эмасдир”, деганлар.
















