Биз ўқув қуроллари сотиб олишда нималарга эътибор бериш лозимлиги борасида Андижон шаҳар 55-умумтаълим мактаби психологи Хонзодабегим Алиевага мурожаат қилдик.



Алиеванинг қайд этишича. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил июндаги 146-сонли қарори билан таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия ва ўқув қуроллари ишлаб чиқариш ҳақидаги умумий техник регламент тасдиқланган. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган маҳсулотлар мазкур регламент асосида реализация қилинади.

“Ўқув қуроллари сотиб олаётганда ота-она фарзандининг ёши, синфи, характер хусусиятлари ва албатта, анжомларнинг сифатига эътибор қаратиши лозим”, – дейди мактаб психологи.
Мутахассиснинг айтишича, мактаб сумкасининг ҳажми ўқувчининг тана ўлчамларига мос ва унинг учун тақишга қулай бўлиши, шу билан бирга, сумкага етарли миқдорда ўқув қуроллари ва дарсликлар сиғиши керак.
Уст қисми турли чалғитувчи суратлардан холи бўлган сумкаларни сотиб олиш мақсадга мувофиқ.


Дафтарларни сотиб олишда қайси жиҳатларга эътибор бериш керак?
Бошланғич синфларда 9-10 та ўқув фанлари борлигини ҳисобга олиб, ўқув йили бошланишига 20 тага яқин дафтар сотиб олиш мақсадга мувофиқ.
Дафтарларни сотиб олаётганда уларнинг муқовасида диққатни жалб қилувчи турли суратлар туширилган дафтарларни сотиб олмасликка ҳаракат қилинг. Дафтар варақларининг қалинлиги ва мавжуд чизиқларнинг аниқлигига, умуман маҳсулот сифатига ҳам эътибор қаратиш керак.
























