Ўзбекистон | 16:17 / 24.08.2021
45862
2 дақиқада ўқилади

Экоқўмита раиси ишдан олинди

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинган.

«Соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди», дейилади президент матбуот котиби Шерзод Асадов берган хабарда.

Қайд этилишича, видеоселектор йиғилиши танқидий руҳда кечмоқда.

Давлат раҳбари соҳадаги муаммоларни кўрсатиб ўтган. Экологияга масъул бўлган қўмита, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаётгани танқид қилинган.

Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.

Шу билан бирга, ҳудудларда «яшил майдон»лар 3-4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетган.

Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатаётганига урғу қаратилган.

Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62та лойиҳадан фақат 15тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган.

  • Маълумот учун, Алишер Мақсудов 2020 йил декабрида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланганди. У 2017 йилдан 2020 йилгача «Ўзпахтасаноат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид