Ўзбекистон | 09:02 / 24.08.2021
1161
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда шифохонанинг оқова сувлари кўчага оқизилди. Вилоят ССВ ҳолатга изоҳ берди

Ижтиомий тармоқларда Қарши шаҳрида жойлашган ихтисослаштирилган кордиология маркази олдидан ўтган ичимлик сув қувури ёрилиб атрофга бадбўй ҳид таратаётгани, ана шу истеъмолга яроқсиз сув аҳолига тарқатилётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур хабар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Қарши шаҳар «Отчопар» МФЙ ҳудудидаги Кардиология марказига кириш дарвозаси олдидаги оқова сув тармоғининг ҳолати ўрганилган. Ўрганиш жараёнида аниқланишича, Қарши шаҳри «Отчопар» МФЙ ҳудудида шаҳар «Сув таъминоти» бўлимининг оқова сув (канализация) тармоғи бўлмаганлиги сабабли янгидан қурилган Кардиология ва Эндокринология шифохоналари учун оқова сув насос станцияси қурилган.

Қайд этилишича, мазкур насос станцияга шифохона ходимлари хизмат кўрсатади. Шифохона ходимлари оқова сув ҳайдаш насосларини таъмирлаш жараёнида канализация ҳовузидаги сувларни шифохона кириш дарвозаси олдидаги бўш ер майдонига чиқариб юборган. Оқибатда атрофга бадбўй ҳид таралиб, нохуш вазият юзага келган.

«Ушбу ҳолатга «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ Қарши шаҳар бўлимининг алоқаси йўқ бўлиб, шифохона атрофида бўлимга қарашли оқова сув қувурлари мавжуд эмас», дейилади муносабатда.

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид