Ўзбекистон | 17:09 / 24.08.2021
1924
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда коронавирус таҳлилига оид сохта ҳужжатлар тайёрлаб келган шахс ушланди 

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида хорижга чиқувчи фуқароларга коронавирусга чалинмаганлиги қайд этилган сохта ҳужжатлар тайёрлаб келган фуқаро ушланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси маълум қилди.

Сирдарё вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга кўра, Янгиер шаҳрида авиа чипталар сотиш фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро У.И ҳорижга чиқиб кетиш истагида авиа чипталар харид қилиш учун мурожаат этиб келувчи фуқароларга гўёки касалликка чалинмаганлиги ва соғлом эканлигини тасдиқловчи тиббий тест натижалари қайд этилган махсус тиббий маълумотномаларни 200 минг сўм эвазига тайёрлаб бериш билан шуғулланиб келаётганлиги маълум бўлган.

2021 йил 18 август куни вилоят ИИБ ЖҚБ томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, ёлланма ишлар билан шуғулланиш мақсадида Россияга учиб кетиш истагида авиа чипта харид қилган ариза муаллифи A.Р.га 200 000 сўм эвазига Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи ҳусусий клиника тиббий лабораторияси орқали гўёки коронавирус касаллигига чалинмаганлиги ва соғлом эканлигини тасдиқловчи тиббий тест синов натижалари қайд этилган махсус тиббий маълумотномани расмийлаштириб берган вақтида кимёвий ишлов берилган нақд пуллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.И ва бошқаларга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ, Ширин шаҳрида талаб юқори бўлган дори воситаларини 3 минг АҚШ долларига сотаётган шахслар ушлангани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид