«Толибон» ҳаракати вакили Кобул аэропортига олиб борувчи йўл тўсилгани ва бундан буён аэропортга фақат хориж мамлакатлари фуқаролари ўтказилишини билдирди.
«Биз аэропортга олиб борувчи йўлни тўсдик ва энди хорижликлардан бошқаларни ўтказмаймиз», деди толиблар вакили Забиҳулло Мужоҳид Кобулда бўлиб ўтаётган сўнгги ишларга бағишланган матбуот анжуманида.
У юзага келган мураккаб вазият туфайли барча афғонлар Кобул аэропортини тарк этиши даркорлигини таъкидлаган.
«Аэропорт деворлари остида тўпланган кишилар уйларига тарқалиши керак, уларнинг хавфсизлиги кафолатланади», деган у.
У АҚШ одамларни Афғонистонни тарк этишга чақиришда давом этаётганини қўшимча қилган.
«Биз америкаликлардан одамларни кетишга ундамасликни сўраймиз. Бизга уларнинг истеъдоди керак», деган Мужоҳид ва айни вақтда Афғонистонда ОАВ, шифохоналар, мактаблар, олий ўқув юртлари ҳамда туманлар маъмуриятлари ишлашда давом этаётганини қўшимча қилган.

Бунгача «Толибон» мамлакатни тарк этишни истаган афғонистонликлар, керакли ҳужжатларга эга бўлса, 31 августга қадар уларнинг йўли тўсилмаслигини ваъда қилганди.
Эвакуация муддати узайтирилмайди
Мужоҳид «Толибон» аввалдан белгиланган эвакуация муддатини узайтиришга кўнмаслигини билдирган.
Толиблар НАТО давлатларида хорижий фуқароларни олиб кетиш учун етарлича вақт борлигини, афғонларнинг мамлакатдан кетиши эса улар томонидан маъқулланмаслигини айтиб ўтган.
Бу масала яқин вақтлар ичида ҳал бўлиши кутилмоқда: «Катта еттилик»нинг виртуал саммитида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон АҚШ президенти Жо Байденни америкалик ҳарбийларни Кобул аэропортида 31 августдан кейин ҳам қолдиришга кўндириш учун уриниб кўради.
Шу билан биргаликда, BBC’нинг Британия парламентидаги мухбири Ион Уэллс Байден муддатни узайтириш бўйича қарор чиқариш эҳтимоли жуда пастлигини айтиб ўтган.
«Президентнинг Борис Жонсон билан кечаги телефон мулоқотидан кейин Британия ҳукумати «эвакуациянинг биринчи босқичи»дан кейин ҳам афғонларга ёрдам кўрсатиш режаси зарурлигини эълон қилди», деган у.
Британия мудофаа вазири Бен Уоллес америкалик ҳарбийлар 31 августдан кейин кетмаса, толиблар Кобул аэропортини ўққа тутиши мумкинлигидан огоҳлантирган.



















