Ўзбекистон | 13:05 / 27.08.2021
56105
2 дақиқада ўқилади

«Мудофаа қудратимиз ҳар қандай вазиятга тайёр». Шавкат Мирзиёев Афғонистон масаласида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд фаоллари билан учрашув ўтказди ва Афғонистондаги вазиятга тўхталди. 

«Афғонистондаги вазият ҳаммамизни ўйга солиши табиий. Хавотир олманглар, мудофаа қудратимиз ҳар қандай вазиятга тайёр, вазиятни назорат қилиб турибмиз. Лекин мени ўйлантиргани - улар бизнинг жонажон қўшнимиз, улар ҳам кўчиб кета олмайди, биз ҳам.

Мана, кечадан бошлаб жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсадида Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширдик. Чунки Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож, агар улар тинчлик сари ҳаракат қилсалар, биз уларга кўмакчи бўламиз. 

Бошқа давлатлардан келаётган озиқ-овқатни поездлар орқали етказиб берамиз, ўзимиз ҳам бунга ҳисса қўшамиз. Чунки Мозори Шариф шаҳрига ягона темирйўл биз орқали ўтади. 

Толиблар билан икки йил олдин мулоқот олиб боргандик, ҳали ҳеч бир давлат бу ишни қилмаганда мен улар билан мулоқот қилиш бўйича топшириқ бергандим. Уларнинг Доҳадаги раҳбари Биродар жаноблари ўшанда Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берганди. Ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқот қилиб туришимиз табиий. 

Биз учун халқимизнинг тинчлиги керак. Халқимиз тинч бўлиши учун, ким бўлишидан қатъи назар, исталган томон билан гаплашаман. Афғонистонда шундай ҳолат бўлишидан икки йил олдинги таҳлилларимиз далолат берган эди», деди президент.

Мавзуга оид