Адлия вазирлиги “Фермерга мадад” акцияси доирасида адлия органлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижаларига асосланиб, соҳада бир қатор муаммо ва камчиликларни санаб ўтди.

Маълум қилинишича, акция доирасида фермерлар билан тайёрловчи, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда жами 156 223 та хато ва камчиликлар аниқланган.

Энг кўп қоидабузарликлар – Қашқадарё вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида.

Инфографика: Адлия вазирлиги

Хусусан, мониторингда 565 та ҳолатда фермерлар билан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи асосий ҳужжат – ер ижара шартномаси тузилмагани, 794 та ҳолатда ер ижара шартномасининг нусхаси фермерларга берилмагани аниқланди.

“Ер ижара шартномаси тузилмаса, ҳокимликларга қўл келади, улар исталган вақтда фермердан ерни олиб қўйиши ёки фермерга исталган қўшимча талабни қўйиши мумкин, натижада фермер масъуллар хатти-ҳаракати юзасидан судга шикоят қилишда муаммога дуч келади”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Шунингдек, ўрганишлар кўпчилик ҳолатларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўзларининг монопол мавқейидан фойдаланиб, айрим ҳолларда эса давлат органларининг аралашуви билан шартномавий муносабатларда фермерлар манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар қилаётганини кўрсатган.

Акциянинг дастлабки 1 ойида ўтказилган ўрганишларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан фермерлар ўртасидаги шартномалар 34 861 та ҳолатларда кечикиб тузилгани, 48 396 та шартнома ҳудудий қишлоқ хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтмагани аниқланган.

Масалан, Шаҳрисабз туманида 2021 йилда 137 тонна пилла сотиш бўйича тузилган 456 та шартномалар туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтмаган. Рўйхатдан ўтмаган шартномани исталганча ўзгартириш ва унга тузатишлар киритиш мумкин ёки уни давлат органи томонидан мониторинг қилиш имконияти бўлмайди. Албатта, бундай ўзгартиришлар фермер фойдасига бўлмаслиги аниқ.

Шунингдек, монопол мавқейидан фойдаланиб фермерлар етиштирган маҳсулотлар 7 531 та ҳолатда контрактация шартномаси тузмасдан олиб кетилган.

Масалан, Хатирчи туманидаги “Dynamic Elektronics” МЧЖ кластери томонидан “Бахтиёр Эргаш боғи”, “Хуршид-94”, “Сайёд”, “Даврон Фарход мухосиби” каби 17 та фермер хўжаликларидан ғалла харид шартномаси тузилмасдан қабул қилинган.