Болалик ва ўсмирлик йилларимизда ҳақиқий чармдан қилинган пойабзал топиш бироз мушкул эди. Бориниям сифати ҳаминқадар бўларди. Сўнгги йилларда ўзимизда ишлаб чиқарилган чарм маҳсулотлари жуда кенг тарқалди. Нарх, сифат ва бежиримлик каби омиллар харидорни қониқтириб турса, нега маҳаллий маҳсулотни олмаслик керак? Бу сафар шу соҳа ичида бевосита ва билвосита фаолият юритаётганлар билан суҳбатлашиб, соҳанинг ҳозири ва истиқболи ҳақида фикрлашамиз.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 3 майдаги 3693-сонли қарорига мувофиқ “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси негизида қайта ташкил этилган “Ўзчармсаноат” уюшмаси соҳада фаолият юритиб келаётган корхоналарга ишлаб чиқариш ва экспорт қилишдаги турли масала ва муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам бериб келмоқда. Уюшма, шунингдек, чарм саноати соҳасининг истиқболини белгилаш ҳамда режа ва мақсадларни амалга оширишда етакчи ташкилот ҳисобланади.

Соҳада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг умумий қиймати 2020 йилда 3,6 триллион сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 1,4 баробар ўсиш қайд этилган. Чарм маҳсулотларининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 0,7 фоиз, республика саноатидаги улуши эса, 1,1 фоизни ташкил қилган. Чарм маҳсулотларининг экспорт ҳажми 2020 йилда 401 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, 2019 йилга нисбатан 2,1 баробар ошган. Ҳозирда соҳада яратилган иш ўринлари 39 мингтани ташкил қилмоқда.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев ва бошқалар ташкилот фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.

“Бугунги кунда чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш, уни нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда, керак бўлса, дунё миқёсида драйвер соҳалардан бирига айлантириш бўйича президентимиз томонидан аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган. Асосий вазифалардан бири тери хомашёси, мўйна, жун, қоракўл маҳсулотларини чуқур қайта ишлаб, қўшилган қиймат занжирини яратиб, улардан юқори қўшилган қийматга эга, экспортбоп, ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби аниқ вазифалар белгилаб берилган. Иккинчи йўналиш эса, импорт ўрнини босувчи хомашё ва маҳсулотлар турини кўпайтириш ва бу борада ҳам экспорт салоҳиятини оширишдир. Юқоридаги вазифаларни бажариш учун Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда “Чарм-пойабзал соҳасини 2022-2026 йилларда ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш йўналишлари дастури”ни ишлаб чиқдик. Дастурда 2022-2026 йилларда соҳани ислоҳ қилиш йўналишлари белгиланди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг турларини кўпайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш, инвестиция, экспорт, соҳани рақамлаштириш масалалари қамраб олинган”, - дейди “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев.



















