Ўзбекистон | 18:03 / 16.09.2021
6900
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура Шўрчи тумани ҳокимининг ноқонуний қарорини бекор қилиш ҳақида протест берди

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 160 туп дарахт кесиб ташланганлиги ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан вилоят прокуратураси муносабат билдирди. Унга кўра, Шўрчи тумани прокуратураси томонидан ҳолат ўрганилган ва туман ҳокимининг ноқонуний чиқарилган қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирилган.

Маълум қилинишича, Шўрчи туманида ҳокимнинг сохта ҳужжатларга асосланиб чиқарган қарори ортидан М41 автомобиль йўли ёқасидаги тутзордан 160 туп дарахт кесиб ташлангани ҳодисаси жорий йил 15 сентябрь куни туман прокуратураси томонидан ўрганилган.

Ўрганишларга кўра, шу куни туман прокуратураси тут дарахтларини ноқонуний кесган О.Х.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 79-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима жазоси қўллаган.

Бундан ташқари, туман ҳокимининг 2021 йил 8 апрелда чиқарган тут плантациясидан бино қурилиши учун ер ажратиш ҳақидаги 708-сонли қарори қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилингани аниқланган. Уни бекор қилиб, қонунга мувофиқлаштириш ҳақида прокурор протести келтирилган.

Шунингдек, жамият томонидан иқтисодий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Ҳолат юзасидан прокурор назорати ўрнатилган.

Маълумот ўрнида, Шўрчи туманида туман ҳокимининг сохта ҳужжатларга асосланиб чиқарган қарори ортидан кесилган тут дарахтларининг сони «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси муносабатида 160 тупдан ошиқ дейилганди. Аммо вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси кесилган тутлар сони 40 туп эканлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Денов шаҳрида 109 туп ноёб дарахт кесиб ташланганди. Бундан ташқари, Термиз шаҳрида ҳам халқаро савдо маркази қуриш учун ажратилган ҳудудда кўплаб дарахтлар кесилганди. Шунингдек, жорий йил 15 июн куни «Амирсой» курорт зонасида 700 туп дарахт кесиб ташланди.

Мавзуга оид