Ўзбекистон | 14:44 / 17.09.2021
41859
3 дақиқада ўқилади

Қаршида ЙПХ ходимлари ва фуқаролар ўртасида муштлашув содир бўлди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида Патруль-пост хизмати ходимлари ва фуқаролар ўртасида жанжал содир бўлгани, унда ҳар икки тараф ҳам куч ишлатгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат бўйича ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълумот берди. Унга кўра, жанжалда қатнашган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Маълум қилинишича, жорий йил 16 сентябрь куни соат 23:00ларда Қарши шаҳрида хизмат вазифасини бажараётган Патруль-пост хизмати ходимларига маст ҳолатда бўлган уч нафар фуқаро фаол қаршилик кўрсатган ва ўртада жанжал содир бўлган.

Қайд этилишича, 1990 йилда туғилган Н.А. ҳамда унинг шериклари 1995 йилда туғилган Н.А. ва 1987 йилда туғилган Х.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 ва 194-моддалари ҳамда ЖКнинг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳуқуқбузарлар процессуал тартибда қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 июнь куни Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли вафот этган. Мазкур ҳодиса ОАВда тарқалгач ИИВ матбуот котиби муносабат билдириб, солиқчи бошқарувидаги «Cobalt» светофорнинг қизил чироғида тўхтамасдан, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлганини, сўнг ҳайдовчи машинани ташлаб, пиёда қочишга уринганини маълум қилганди. Аммо Kun.uz суриштирувида воқеалар тафсилоти бошқачароқ бўлгани аниқланганди.

Жорий йил 14 сентябрь куни Каттақўрғонда содир бўлган ҳодиса юзасидан ўтказилаётган тергов якунланиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган. Мазкур иш юзасидан икки нафар ЙҲХБ ходимига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Бундан ташқари, 2018 йил 29 август куни тунда Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, 1982 йилда туғилган Нодир Хушвақтов ўзига бириктирилган, давлат рақами 30 425 SAA бўлган «Chevrolet Nexia» русумли автомашинада автоҳалокатга учраб, шифохонада ҳаётдан кўз юмганди. Ўшанда Н. Хушвақтовнинг отаси Ҳамидулла Хушвақтов ўғлининг ўлимида ЙПХ ходимларини айблаб чиққанди. Унинг айтишича, ЙПХ ходимлари ўғлини қувишган ва у қочаман деб йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этган. 

Мавзуга оид