Бу каби хабарлар ижтимоий тармоқларда бот-бот кўзга ташланаётган изоҳлардан кўчирмалар холос. Ушбу ҳолатларни бирор йўсинда исботлайдиган далил Kun.uz ихтиёрида мавжуд эмас. Қуйидаги мақолада Ўзбекистон автосаноати нима учун харидорларга буюртмаларини ўз вақтида етказиб бера олмаётганига доир маълумотлар келтирилади.
Давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган расмий маълумотларга қараладиган бўлса, 2021-йилнинг январ-июл ойларида Автомобил ишлаб чиқариш саноати томонидан 36317 дона Cobalt (2020 йилнинг мос даврига нисбатан 80,9 фоиз), 14442 дона Nexia (34,7 фоиз), 26266 дона Gentra (86,5), 33862 дона Damas (109,6), 6485 дона Spark (39,6) ҳамда 7542 дона Labo (166,8) автомобиллари ишлаб чиқарилган. Рақамлардан кўриниб турибдики, харид қуввати ўрта ва қуйироқ қатлам орасида энг талабгир бўлган автомобиллар ишлаб чиқарилиши сезиларли пасайган. Фақатгина бутловчи қисмларининг аксари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган Damas ва Labo автомобилларини етказиб беришда кескин ўсиш мавжуд.

Kun.uz “Ўзавтосаноат” АЖ билан боғланиб, бир неча саволларга ойдинлик киритишни сўради.
- Жумладан, 2021 йил август-сентябр ҳолатида ҳафтасига харидорларга ўртача қанча Cobalt, Nexia, Gentra ва Spark русумли енгил машина етказиб берилган?
- Бошқарув микрочипи ўрнатилмаган, бироқ ишлаб чиқариш конвейеридан чиққан автомобиллар сони нечтани ташкил этади?
- Бугунги кунда ишлаб чиқарилган автомобилларни микрочиплар билан таъминлаш ҳолати қандай?
- Уларни етказиб бериш қай йўсинда таъминланмоқда ва бу ишлаб чиқариш жараёнига қандай таъсир кўрсатди?
- Расмий автодилерларда “шапка” эвазига автомобилни навбатсиз етказиб бериш ҳолатлари ҳақидаги хабарларни қандай изоҳлайсиз?
“Ўзавтосаноат” АЖ Ахборот хизмати ушбу саволларга тез орада жавоб беришини маълум қилди.
Ҳозирча, UzAuto Motors компаниясига яримўтказгичли бутловчи қисмларни етказиб бериш занжири ҳақида маълумотни таҳлил қилсак.

Унда қайд этилишича, дунё бўйлаб 6та йирик яримўтказгич ишлаб чиқарувчи мавжуд. Таркибида яримўтказгичли бутловчи қисмлар автомобилларнинг спидометр, электрон бошқарув тизими, электркучайтиргич, ғилдиракларни бошқариш, подвескаларни бошқариш, тормозни бошқариш, двигател ҳамда узатгич (трансмиссия)ни бошқариш, хавфсизлик ёстиқчаларини бошқариш тизимлари, навигация, магнитола, томойна, иммобилайзер ва ҳоказоларда қўлланилади. Ҳар бир автомобил яримўтказгич мавжуд бўлган 100 ~ 300 хил бутловчи қисмлардан ташкил топади.








