2000-йиллар бошида шаҳар четидаги, янтоқзор ва ўйдим-чуқур ташландиқ жойни обод қилиб, автошоҳбекат қуриб фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорнинг бошқаларга бериб юборилган ўз ерини қайтариб олишига прокуратура астойдил қаршилик кўрсатмоқда. Мурожаатчига кўра, прокуратура органлари давлат манфаатларини эмас, хусусий фирма манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Судма-суд қатнаб чарчаган, «Асилбек Сайёра» савдо ишлаб чиқариш корхонасига раҳбарлик қилиб келаётган Исмоил Панжиев шундай ҳикоя қилади:

«Шу ҳудудни ўша вақтдаги шаҳар ҳокими 2000 йилда истамасам ҳам, мажбурлаб менга берган эди. Ташландиқ, ўйдим-чуқур жойлар эди. 6 метрлик котлован бор эди. Камаз-камаз тупроқ ва шағал билан тўлдириб, текислаб майдон қилдим, автошоҳбекат барпо этдим.

Ёнимиздаги Ерқўрғон деҳқон бозори ҳам кейинчалик, 2001 йилда қурилди. Шу бозорнинг оёққа туришида ҳам ўзим бош-қош бўлганман. Одамларни чақирганман. Бозордан 20 миллион сўмлик акцияларим ҳам бор.

Бугунги кунга келиб бу ҳудуд йириклашди, ривожланди, сердаромад жойларга айланди. Энди мен бир пайтлар эпақага келтирган, кейинчалик обод қилган, одамларни иш билан таъминлаб турган жойимга кўз олайтириб, тортиб олишга уринишмоқда».

Тилла баҳосига тенглашган ер

Исмоил ака қанақа муаммога дуч келганини лўнда қилиб, бу ишлар ортида кимлар тургани ва қандай манфаатлар ётганини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Аслида ҳам, мўмай даромад келтириши мумкин бўлган ҳудуддаги 1 гектардан зиёд ер майдони анчадан буён Қарши шаҳри ҳокимлиги мулозимларининг тушларига кириб, оромини ўғирлаб келмоқда.

Тўғри-да, сотихи бугунги кунга келиб тилла нархида бўлган 1 гектар ер майдонига «юқори»да таниш-билиши ва одил суддан бошқа илинжи йўқ аллақандай Исмоил Панжиевдек кичик тадбиркорнинг бир ўзи эгалик қилиши адолатданми? Албатта, бу ҳол билан асло келишиб бўлмайди! Шу сабабли 2003 йилдан бери бу ерни ундан тортиб олишга уринмаган Қарши шаҳар ҳокимининг ўзи йўқ.