«Ушбу қонун лойиҳасида фуқароларимизнинг эътирозларига сабаб бўлаётган айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори пасайтирилган. Бу ижобий ҳолат, албатта», — деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов.

Маълум қилинишича, бир гуруҳ депутатлардан иборат ишчи гуруҳ автотранспорт воситаларини бошқариш асносида йўлларда белгиланган тезликка риоя этилиши радарлар, шунингдек, стационар ва кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назорат қилинишини ўрганган.

Фото: autostrada.uz

Ўрганиш давомида фуқаролар томонидан бугунги кунда қўлланаётган жарималар миқдори юқорилиги бўйича эътирозлар билдирилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси иккинчи қисми санкциясидаги жарима миқдорини БҲМнинг 3 баравари — 810 минг сўм (ҳозир 5 баравар — 1 млн 350 минг сўм) қилиб белгилаш бўйича таклиф билдирилган.

Яъни депутатлар аҳоли пунктларида 70 км/соат билан чекланган тезликда 20-40 км/соатдан кўпроқ айтайлик, 91-110 км/соат тезлик орасида радарга тушиб қолса, 5 БҲМ ўрнига 3 БҲМ жарима солишни таклиф қилишмоқда ва буни жарималар аҳолининг реал даромадларидан келиб чиқиб белгиланиши керак, дея тушунтиришмоқда.

Мушоҳада қилайлик, бу таклифни жўяли деб бўладими?

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган баъзи ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган жазо чораларининг миқдори кодекснинг инсонпарварлик ва одиллик принципларига мувофиқ эмас», деб ёзяпти депутат.

Тўғри, шунақалари ҳам бор эди. Ҳали ҳам бор. Мана шу тамойилга риоя қилиниб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган айрим жарималар миқдори аввалроқ камайтирилган ҳам эди. Бунга, рухсат этилмаган жойда тўхташ, светофорда «Stop» чизиғини босиб тўхташ каби қоидабузарликларни мисол келтириш мумкин.

Тан олиш керак, бу қоидабузарликлар йўлларда ҳаракатланаётган бошқа иштирокчиларга халақит бермайди, хавф туғдирмайди.

Аммо йўл ҳаракати қоидалари қон билан ёзилган, дейишади. Йўллардаги ўлим билан боғлиқ автоҳалокатларнинг катта қисми белгиланган тезлик меъёрини ошириш натижасида келиб чиқаётгани сир эмас.