Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида пойтахтдаги ижара уйда беш талаба вафот этиши бўйича иш кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилган.
Тошкентнинг Юнусобод тумани «Фирдавсий» маҳалласи Инжобод кўчасидаги хонадонда 27 февраль куни соат тахминан 20:50 атрофида шу ерда ижара асосида яшаган беш талабанинг мурдаси топилганди. Илк расмий маълумотларда йигитлар «номаълум моддадан ўткир заҳарланиш» оқибатида вафот этгани таъкидланган, бироқ гап айнан қайси модда ҳақида бораётганига аниқлик киритилмаганди.
Ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган беш талабанинг барчаси Андижон вилоятидан эди:

- Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Мавлонбек У. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
- Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Раҳматулло С. (1998 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
- Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Давронбек Ғ. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшаган);
- Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти иккинчи курс талабаси Оятулло И. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
- Тошкентдаги Инҳа университети биринчи курс талабаси Сардорбек Ҳ. (2000 йилда туғилган, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшаган).
Ҳолат юзасидан дастлаб Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) аломатлари билан иш очилганди, бироқ кейинроқ жиноят иши Жиноят кодексининг 102-модда 2-қисмига (эҳтиётсизлик орқасидан икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш) қайта малакаланган.
Ушбу иш бўйича Тошкент шаҳрида туғилган аёл (1964 йил туғилган) судланган. Суд қарорида айтилишича, ушбу аёл олти нафар талаба билан қонуний ижара шартномаси тузмай, уларни одам ҳаёти учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган ўзининг яшаш уйининг қўшимча қисмини (тўрт хонали уйнинг уч хонаси) талабаларнинг ижарада яшаши учун ажратган.














