Марказий Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон томонидан биринчи маротаба барпо этилиши кутилаётган атом электр станцияси қурилишига қўшни қозоғистонликлар қарши чиқмоқда. Уларнинг фикрича, катта масштабда ва таваккалчиликка асосланиб қурилаётган лойиҳалар қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қилиниши керак. Бу ҳақда Atameken Business нашри тайёрлаган лавҳада айтилади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги атом энергетикасига оид лойиҳа Қозоғистон чегарасидан 50 км узоқликда қурилиши назарда тутилган. Тараз шаҳри аҳолиси бундай йирик лойиҳа маҳаллий аҳоли учун хавфли бўлишидан хавотирда.
«Чернобил фожиаси эсингиздами? Қанча одам ногирон бўлиб қолди. Кўпчилигини шахсан танийман. Бу нима учун керак, мен бунга қаршиман», – дейди аҳоли вакилларидан бири.
«Мен бундай қарорни қўллаб-қувватламайман. Бизнинг фарзанд ва набираларимиз бор, бизга зарардан бошқа нима беради бу?» – дейди яна бир қозоғистонлик.
Маълум қилинишича, қўшни давлат экологлари ҳам, агар АЭС икки давлат чегарасига яқин жойда жойлашса, ундан чиқадиган чиқиндиларнинг хавфли эканлигидан огоҳлантирган.
«Биз АЭС ишлаб чиқарадиган арзон энергия туфайли масаланинг фақатгина иқтисодий тарафини ҳисобга олмоқдамиз, лекин табиатга етказиладиган зарар ҳақида ўйламаяпмиз. Қаерга қурилишидан қатъи назар радиоактив чиқиндилар бизга сув, ҳаво ва қум орқали зарар етказади», – дейди эколог Анор Жумадилова.
Қозоғистонлик экспертлар орасида бунга ижобий қараётганлар ҳам йўқ эмас.
«Йил сайин илм-фан ривожланмоқда. Бутун дунё олимлари Ер шари экотизимини яхшилашдан манфаатдор. Бу муаммо бутун дунёга тегишли. Шунинг учун, АЭС қурилишини тўғри ёки нотўғри деб гапириш керак эмас. Фикримча, олимлар тинч атом лойиҳасига ўтишни синчиклаб ўрганиб чиққан», – дейди эксперт Сауранбек Жамолбеков.
Мақолада айтилишича, 2028 йилда Ўзбекистондаги Тузкон кўли яқинида АЭС қурилиб, фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати АЭС қурилиши ортидан 4 миллиард куб/метр газ иқтисод қилинишига умид қилмоқда.
Қозоғистоннинг ўзида ҳам АЭС қуриш масаласи бир неча йиллардан буён муҳокама қилинади. 2019 йилда Россия президенти Владимир Путин Қозоғистонда Россия технологиялари бўйича атом электр станцияси қуришни















