Жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари юзасидан қатор суҳбатлар уюштириб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам бўлди. Суҳбатнинг биринчи қисми аввалроқ эълон қилиниб, матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни эълон қилинмоқда.

— Улуғбек ака, сиз ёзувчиликдан ташқари педагогсиз. Фикримча, бугун кўпчилик ёшларда кескин руҳ етишмайди. Улар эркин фикрламайди, уларда ташкилотчилик етишмайди. Мен катта фикрлар ҳақида гапиряпман. Ҳолатнинг асл сабабларини нималарда деб ўйлайсиз?

— “Мувозанат” романида яна битта идеа майдонга ташланган. Ўша ғоя саволингизга жавоб бўлар экан. Яъни ҳар бир бола нимага қобил бўлса, ўша соҳага йўналтириб ўқитиш керак. Бухгалтер бўладиган йигит ё қиз опера айтмасин, ёки қурувчи бўладиган ёш келиб спорт соҳасига ўқишга топширмасин.

Эшитгансиз, “истеъдодсиз одам йўқ” дейишади. Бор, албатта, лекин кўпларнинг истеъдоди ўзга соҳани танлаш билан кўзга кўринмай кетади. Жамиятда жуда кўпчилик одам бир-бирларининг ўрнини эгаллаб ўтирибди. Чунки қассоб бўлиб туғилган одам врач бўлиб, туғма муҳандис патта сотувчи бўлиб ишлаяпти-да, шунинг учун.

Одамнинг бахтли яшаши учун учта муҳим нарса керак бўлади:

  1. Соғлиқ.
  2. Соҳа, касб.
  3. Муносиб умр йўлдош.

Адашмасам, хитой файласуфи айтган бу гапни: “Кўнглингга мос ишни топгин, кейин бир умр дам оласан”, деб. Яъни ўз соҳасини топган одамнинг иши меҳнат эмас, балки роҳатдир демоқчи у.

Шунинг учун сиз айтган руҳсиз талабалар аввало яхши ўқимаган, ҳаётга тўғри йўналтирилмаган, қолаверса, адашиб шу соҳаларга кириб қолганлардир.

Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони ташқи фактор бўлиб, ёшларни қизиқтирувчи муҳит билан боғлиқ. Хўш, уларнинг кўнглига ўт ёқиб, у ёки бу соҳага қизиқтирувчи педагоглар бизда етарлими? Мутлақо йўқ. Аввало, ўша педагогларнинг катта қисми адашиб ўқитувчилик қилиб юрибди. Бундай ўқитувчилар бола руҳига кириб, уни уйғота олади, деб ўйламайман. Иккита гапни бир-бирига қўшиб гапиролмайдиган, сўзлари оғзидан тўкилиб кетадиган одамлар маъруза ўқишади. Бу нима дегани? Нега педагогларни ўқишга қабул қилаётганда “нутқ маданияти” бўйича оғзаки имтиҳонлар олинмайди?..

Ўзи керакли таълим-тарбия олмаган ўқитувчи бошқага ҳам таълим-тарбия бера олмайди. Шулар ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак.