Ўзбекистон | 13:04 / 29.09.2021
5926
2 дақиқада ўқилади

“19 млрд сўмлик субсидиялар ўзлаштирилмаган” — Сенат раиси субсидиялар тақсимланишига оид муаммони кўтарди

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Танзила Норбоева муҳтож оилаларга уй сотиб олиш учун ажратиладиган субсидияларнинг 19 млрд сўми одамларга берилмагани ҳақида гапирди. Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров масалага ойдинлик киритди.

29 сентябр куни Сенатнинг 19-ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева уй-жой сотиб олишда субсидиялар тақсимланишига оид муаммога тўхталди.

“Ўтган ва жорий йил даромади юқори бўлмаган фуқароларга уй-жой сотиб олиш учун субсидия бериш тизими жорий қилинганди. Бироқ 19 млрд сўмдан ортиқ субсидия маблағлари ўзлаштирилмай қолган. Бунинг сабаби нимада? Одамларда бу масалада эҳтиёж жуда катта. Ўзлаштирилмай қолди деган масала нима билан боғлиқ?” — деган саволни ўртага ташлади Сенат раиси.

Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров бунга изоҳ берди.

“Жойларда биринчи масала асосан режалаштирилган уй-жой массивлари қурилишида кечикишлар борлигидир, буни тан олишимиз керак. Июл-август ойлари давомида Ўзбекистон Республикаси бош вазири биринчи ўринбосари билан вилоятларда бўлиб келдик, жойларда ҳақиқатан субсидия ажратишда муаммо бор. Асосий муаммо уй-жой қуришда кечикишлар бўлаётган бўлса, иккинчи масала уй-жой олиш учун критерияларга мос келмаслик ҳолатлари мавжудлиги.

Биз ипотека бозорини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиққанимизда маълум бир тўлов қобилиятига эга оилаларни ва даромади паст фуқароларни уйнинг бошланғич бадалига фоизни тўлаб беришни назарда тутгандик. Лекин жойларда асосий кўтарилаётган масалалардан бири бу оилалар бутун маблағни тўлаб бериш масаласини қўяётганидир. Буни алоҳида ўрганиб чиқяпмиз, таклиф берамиз”, — деди вазир ўринбосари. 

Аввалроқ давлат субсидияларини олиш учун электрон платформа ишга туширилгани маълум қилинганди. Kun.uz платформа қандай ишлашига оид батафсил маълумот берган эди.

Мавзуга оид