Ўзбекистон | 17:18 / 29.09.2021
19095
3 дақиқада ўқилади

“Миллий боғдаги кўл ўрнида аллақандай “сити” қаққайтириб қўйилди” — президентликка номзод экологик муаммолар ҳақида

“Адолат” социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов экологияни асрайдиган омиллар – сув ҳавзалари кўпайиш ўрнига таг-туги билан йўқотилиб, қурилишларга бериб юборилиши кескин муаммоларга сабаб бўлишини айтди.

Номзоднинг таъкидлашича, экологиянинг ифлосланиши сабаб ўлганлар сони ОИТС, безгак, сил қурбонларидан 3 баробар кўпдир. Урушда ҳалок бўлганлар эса экологик муаммо боис вафот этганлардан 15 марта кам экан. Болалар ҳаётини хавфга қўядиган, турли онкологик, инфекцион хасталикларга, тўсатдан ўлим ҳолатларига қарши курашишнинг самарали йўлларидан бири – чангга қарши курашиш.

“Ҳаводаги чангга қарши қандай курашиш мумкин? Бунинг йўллари кўп, масалан сунъий кўллардан фойдаланиш. Ундаги сув ҳавонинг намлик миқдорини мўътадиллаштириб, атмосферани тозалаб туради. Лекин юртимизда сув ҳавзалари кўпайтирилишнинг ўрнига уларни йўқ қилишга ҳаракат қилинаётгани таассуфли ҳолатдир. Бундан анча йиллар аввал пойтахтдаги Ўзбекистон давлат консерваторияси биноси ўрнида катта кўл бўларди, ҳозир ундан асар йўқ. Яқинда Миллий боғдаги кўл ҳам таг-туги билан йўқ қилиниб, ўрнига аллақандай “сити” қаққайтириб қўйилди. Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи ҳам шундай режалар чангалида турибди”, дейди Абдуҳалимов.

Дарҳақиқат, миллий мақомига эга Ўзбекистоннинг асосий боғининг ярми ҳозир янги қурилган сити билан банд. Тақдири ҳозирча номаълум Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи айни пайтда ёпиқ ва кириб-чиқаётган юк машиналаридан у ерда қурилиш ишлари кетаётганини билиш қийин эмас.

“Афсуски, ҳозир бизда муҳташам “сити”ларга ружу қўйилиб, ҳаёт ва соғлиқ учун фойдали манбалардан воз кечилмоқда. Юртимизда соҳа мутахассислари етарли бўлишига қарамай уларнинг ҳукумат қарорлари пайти фикр билдирмай, қўл қовуштириб ўтириши таажжубланарли” дейди партия номзоди. Шунингдек, у Орол денгизига бўлган муносабат бизга ибрат бўлиши лозимлигини уқтирган.

“Орол денгизи - Марказий Осиёдаги ёпиқ ҳавзада жойлашган катта кўл. Совет тузумидаги нотўғри сиёсат – пахта далаларини суғоришдаги хўжасизларча муносабат, яъни Орол денгизига оқиб тушаётган дарёлардан катта миқдордаги сувнинг бурилиши туфайли сувнинг майдони ва ҳажми сезиларли даражада камайган, оқибатда шўрланиш даражаси ошган. Бу хатонинг азобини ҳалигача тортяпмиз. Мамлакатимизда денгиз йўқлиги боис Ўзбекистон йод танқислигига учраган ҳудудлар рўйхатида туради, аҳолининг катта қисми турли даража ва кўринишлардаги эндокрин касалликлар билан юрибди”. 

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев экология муаммоларига бағишланган йиғилишда экологик вазиятнинг оғирлашиб кетишига биринчи навбатда ҳокимлар айбдорлигини айтган эди.

Мавзуга оид