Боғдорчилик ва полиз экинлари экиш билан шуғулланувчи 100дан ортиқ сирдарёлик фермер Kun.uz'га мурожаат қилиб, “Сардоба” тошқини тахминан 2 минг гектар майдондаги ҳосилни оқизиб, ерларни ўнглаб бўлмас ҳолга келтирганини маълум қилган. Қарийб бир ярим йилдан буён зарарлари қоплаб берилмаган фермерлар, шунингдек, солиқчилар тинмай безовта қилаётганини ҳам таъкидлаганди.
1 октябрь куни ушбу фермерлар Сирдарё вилояти Молия бошқармаси томонидан Мирзаобод туман ҳокимлиги биносига чақирилган. Kun.uz билан гаплашган фермерларнинг айтишича, масъуллар, хусусан вилоят Молия бошқармаси бошлиғи Ойбек Раҳимов Мирзаобод тумани прокурори билан фермерларни якка суҳбатга олиб кирган.
Суҳбатда Раҳимов ва бошқалар фермерларга баҳолаш ташкилоти хулосасидаги суммадан анча паст пул таклиф қилишган.

Хусусан, “Ҳасанбой анорзори” фермер хўжалигига етказилган зарар баҳолаш ташкилоти томонидан 140 миллион сўмга баҳоланган бўлса, унга 30 миллион сўмни “индамасдан” олиш таклиф қилинган.
“Шукурилло файзли анори” фермер хўжалигига 90 миллион сўм ўрнига 20 миллионга кўниш ҳақида гапирилган.
“Шунча вақтдан бери сарсонмиз. Хўжаликларимизга етказилган зарарни баҳолат, дейишди, баҳолатдик. Энди шу пулни ҳам бермасдан, биз билан молни савдолашгандек, савдо қилишяпти. Эрталаб соат 8:00 да мажлис деб, ҳокимлик олдига чақиришди. Тушликкача 4 ёки 5 та одам кирди. Ичкарида туман прокурори ва участка нозири ҳам бор.
Масъуллар таклиф қилган пулга рози бўлмаганларга туман прокурори қолган зарарингни суд орқали ундирасан, деяпти. Баъзиларга эса участка нозири “жим юриш” кераклигини уқтиряпти”, – дейди Kun.uz билан суҳбатлашган фермерлардан бири.
Ҳолатга изоҳ олиш учун Сирдарё вилояти Молия бошқармаси бошлиғи Ойбек Раҳимов билан боғландик. Унинг айтишича, фермерларнинг зарарларини қоплаш бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.
“Ҳозирда фермерлар баҳолатган зарар туман ишчи комиссиялари томонидан кўриб чиқиляпти. Баҳолаш ташкилоти чиқариб берган сумма тавсиявий характерга эга. У ҳужжатнинг ўзида ёзиб қўйилган, сумма бўйича бошқа ҳолатлар суд тартибида ҳал қилинади.
















