Сенатнинг XX ялпи мажлисида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
“Пандемия муносабати билан коронавирус инфекциясига қарши курашиш, унинг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган тадбирлар учун режалаштирилган 3,0 трлн сўм маблағ жорий йилнинг шу даврига қадар тўлиқ ўзлаштирилган. Йил охиригача айни йўналишдаги ишлар давом эттирилишини ҳисобга олган ҳолда 1,3 трлн сўм маблағ қўшимча равишда ажратиш кўзда тутиляпти. Бу бюджет параметрлари доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлардан ташқари пуллар ҳисобланади”, дея Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Сенат ахборот хизматига кўра, қўшимча равишда ажратиладиган 1,3 трлн сўм ҳисобидан коронавирусга қарши кураш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ва бошқа ходимларга иш ҳақи, қўшимча рағбатлантириш тўловлари учун — 533 млрд сўм, дори-дармон воситалари, гигиена ва зарарсизлантирувчи воситалар учун – 273 млрд сўм ҳамда вакцина сотиб олиш харажатлари учун – 405 млрд сўм сарфланади.
Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам яна қўшимча 489 млрд сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ушбу маблағларнинг 238 млрд сўми Оилавий шифокорлик пунктлари учун, 100 млрд сўми ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматларни янада яхшилаш учун ва 60 млрд сўми онкология ёрдамини такомиллаштириш ва хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун йўналтирилади.
“Ҳозирги пайтда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда коронавирус пандемияси тўлиқ чекингани йўқ. Шу боис ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш Сенат ва ҳукуматнинг олдида турган энг муҳим вазифа ҳисобланади. Мажлисда айтиб ўтилди, 2021 йил бюджет параметрларида айни шу йўналиш учун қўшимча 1,3 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутиляпти. Куз мавсумида коронавирус инфекциясидан ташқари грипп тарқалиши эҳтимолини инобатга оладиган бўлсак, 1,3 трлн сўмнинг 405 млрд сўми айнан вакцина сотиб олишга йўналтирилиши жуда ҳам ўринли деб ҳисоблайман”, дея қонунга киритилаётган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган сенатор Малика Қодирхонова.
Шавкат Мирзиёев июн ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида коронавирусга қарши курашга 80 трлн сўм маблағ кетганини айтганди















