Ўз вақтида Саудия разведкасида муҳим шахслардан бири бўлган Саад ал-Жабрий CBS телеканалига берган интервьюсида айтишича, Муҳаммад ибн Салмон 2014 йилда ўз амакиваччаси Муҳаммад ибн Наиф билан суҳбат чоғида тахтни отасига бўшатиш учун подшоҳ Абдуллоҳдан қутулмоқчи экани ҳақида ишора қилган. Ўша вақтда ҳукмрон сулола вакиллари ўртасида тахт ворислиги борасида тортишувлар юзага келганди.
Жабрий Америкадаги CBS корпорациясининг «60 дақиқа» номли дастурига берган интервьюсида подшоҳ Салмоннинг ўғли, валиаҳд шаҳзода, амалда Саудия Арабистонининг мутлақ ҳукмдори Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Саудни «қотил, Яқин Шарқда чекланмаган ресурсларга эга бўлган, ўз халқига ҳам, америкаликларга ҳам ва бутун сайёрага ҳам хавф туғдирувчи психопат» деб атаган.
Собиқ разведкачи шаҳзода 2014 йилда амакиваччаси, ўша вақтда мамлакат ички ишлар вазири лавозимида бўлган Муҳаммад ибн Наиф билан суҳбатда подшоҳ Абдуллоҳнинг ўлдирилишини ташкиллаштира олиши ҳақида айтганини маълум қилди.

ANADOLU AGENCY
«У шундай деганди: «Мен подшоҳ Абдуллоҳни йўқ қилмоқчиман. Менга Россиядан заҳарланган узук етказиб беришади. Қўлини сиқсам кифоя ва барчаси тугайди». Балки у шунчаки мақтангандир, аммо у шу гапларни айтган ва биз буни жиддий қабул қилганмиз», дея ҳикоя қилади Жабрий. Унинг сўзларига кўра, шундан кейин бу гапни ҳамма унутган, аммо учрашув яширин камера орқали ёзиб олинганди ва у видеоёзувнинг икки нусхаси ҳозирда қаерда сақланишидан хабардор.
Подшоҳ Абдуллоҳ 2015 йилда, 90 ёшида вафот этган ва тахт унинг ўгай укаси, Муҳаммад ибн Салмоннинг отаси бўлмиш Салмонга ўтган. Подшоҳ Салмон тахтга чиққанида шаҳзода Муҳаммад ибн Наифни валиаҳд шаҳзода этиб тайинлаганди.
Аммо 2017 йилда ибн Салмон валиаҳд шаҳзодага айланади, ибн Наиф эса ички ишлар вазири лавозимидан маҳрум бўлади, айрим маълумотларга кўра у ўшанда уй қамоғига ўтказилган, ўтган йили уни қўлга олишган, унга қандай айблов қўйилгани маълум эмас. Жабрий ибн Наиф лавозимдан четлатилганидаёқ, 2017 йилда Канадага қочиб кетганди.
Интервьюда у Яқин Шарқ мамлакатларидан биридаги разведкачи дўсти уни 2018 йил октябрида, саудиялик жосуслар Туркияда журналист Жамол Қошиқчини ўлдиришганидан бир неча кун ўтиб, ибн Салмон собиқ разведкачини ҳам йўқ қилиши керак бўлган гуруҳ жўнатгани ҳақида огоҳлантирганини айтади.
Жабрийнинг сўзларига кўра, ўшанда олти кишидан иборат гуруҳ Оттава аэропортига қўнган, аммо божхоначилар юкхонада «шубҳали ДНК-текширув ускунаси» аниқлашгани туфайли уларнинг барчаси ортга қайтариб юборилган.



















