Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Прокуратура Навоий ҳокимлиги билан боғлиқ ишда 3та қонунбузилишини аниқлади. Бу кейсни Антикоррупция агентлиги инкор этганди
Kun.uz суриштирувидан сўнг Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига таътил ва моддий ёрдам берилмайдиган бўлди. ИИБ пробация гуруҳи инспектори интизомий жавобгарликка тортилди.
Kun.uz 1 млрд сўмдан ортиқ бюджет пулларини талон-торож қилгани учун суд ҳукми билан мансабдор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Юсуф Турсунов ҳокимлик томонидан қўлланаётгани ҳақида суриштирув эълон қилганди.
Мазкур мақола юзасидан текшириш ҳаракатлари олиб борган Навоий вилоят прокуратураси ўрганиш якунларига оид маълумотларни эълон қилди.
Прокуратура муносабатида таъкидланишича, Навоий шаҳар ҳокимининг 2021 йил 29 октябрдаги қарорига кўра, шаҳар ҳокимининг 2021 йил 18 октябрдаги «Ходимлар тўғрисида»ги қарори ўзгартирилган.
«Ҳолат юзасидан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилган текшириш ҳаракатлари давомида аниқланишича, шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳи катта инспектори У.Ш. томонидан ажрим ижроси ўз вақтида таъминланмасдан, орадан 10 кун ўтиб, жорий йилнинг 4 октябрь куни Навоий шаҳар ҳокими номига шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ю.Турсуновни лавозимидан озод қилиш ҳақида хат тайёрланиб, почта тармоғи орқали юборилмасдан Ю.Турсунов орқали бериб юборилганлиги натижасида хат ижро учун шаҳар ҳокимлигига ўз вақтида етиб бормаган.
Ўрганиш давомида, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйган шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳи катта инспектори У.Ш.га нисбатан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси 3-бандига кўра, ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши кўрсатилган.
Навоий шаҳар ҳокимининг 29.10.2021 йилдаги қарорига кўра, 18.10.2021 йилдаги 154-5-79-Q/21-сонли қарорининг Ю.Турсуновга меҳнат таътили ва моддий ёрдам бериш тўғрисидаги 1-банди бекор қилинди.
Шунингдек, шу буйруқнинг меҳнат таътили тугаган кундан бошлаб меҳнат шартномаси бекор қилинишига оид 2-банди ўзгартирилиб, Ю.Турсунов билан тузилган меҳнат шартномаси 18.10.2021 йилдан бекор қилингани белгилаб қўйилди», дейилади прокуратура муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Навоийдаги ушбу ҳолатни жамоатчиликка маълум қилган дастлабки мақолага билдирган расмий муносабатида гўёки ҳаммаси рисоладагидек эканини билдирган, унда танқид қилинган асосий жиҳатларга эътибор ҳам қаратмаган эди.