Хива туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисидан келиб тушган мурожаатда айтилишича, ўқитувчилар “Қонун ҳимоясида” хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамоат бирлашмасига мажбуран аъзо қилдирилмоқда.

Мурожаатчи жамоат бирлашмасига аъзо бўлиш муносабати билан Хива туман ХТБ мудири номига топшириш учун тайёрланган ариза намунасини ҳам тақдим этди. Унда жамоат бирлашмасига аъзо бўлиб киришда ўқитувчи иш ҳақидан БҲМнинг 2 фоизи (5 400 сўм) миқдорида бирйўла олинадиган бадал ҳамда БҲМнинг 2 фоизи миқдорида ҳар ойлик бадал ушлаб қолиниши сўралган.

Фото: Kun.uz 

“Қонун ҳимоясида” хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси вакили Элбек Назарқуловнинг бизга билдиришича, бирлашма 2019 йилдан бери фаолият юритиб келади ва шу кунгача бирлашма томонидан ўқитувчиларни аъзо бўлишга мажбурлаш ҳаракатлари содир этилмаган.

“Бирлашма томонидан Хоразм ҳудудида хотин-қизлар ва болаларга ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Масалан, яқинда бизга Хивадан мурожаат қилган бир аёл 2 йилдан бери алимент ололмаётганини маълум қилди. Айни дамда юристларимиз ушбу аёлга ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланмоқда.

Ўқитувчилар бирлашмамизга ўзлари ихтиёрий аъзо бўлишса, бемалол қабул қиламиз. Лекин ҳеч қачон мажбурламаганмиз”, – дейди Элбек Назарқулов.

Ҳолат бўйича Хива туман ХТБ мудири Сухроб Рамазонов билан ҳам боғландик. У ҳам ўқитувчиларни бирлашмага мажбуран аъзо қилдириш бўйича кўрсатма бўлмаганини билдирди.

“Ушбу жамоат бирлашмасидан хабарим бор. Унинг вакиллари мактабларга кириб, бирлашма ҳақида ўқитувчиларга маълумот беради ва ўқитувчиларни фақат ихтиёрий аъзо бўлишга таклиф этади. Масалан, ҳар бир мактабдан ўртача 2-3 нафар ўқитувчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўзи хоҳлаб аъзо бўляпти. Жуда борса, 10 нафари аъзо бўляпти. Мажбурлаб аъзо қилдирилганда бу сон анча кўп бўларди.

Мажбуран аъзо қилдирмаслик бўйича мактабларга тушунтирганман. Агар шундан кейин ҳам мактаблардан кимдир мажбурлаётган бўлса, ўқитувчилар менга мурожаат қилишлари мумкин. Айбдорларга чора кўрамиз. Шунга қарамай, барча директорларни яна бир марта огоҳлантираман”, – дейди Сухроб Рамазонов.

Хива тумани мактабларининг вазиятдан хабардор ўқитувчилари ушбу ҳолатга қўшимча ойдинлик киритиш учун @kunuzmurojaat