Жамият | 17:17 / 05.11.2021
8873
5 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчиликдан катта компания раҳбарлигигача – IT тадбиркор Жон Тошматов билан суҳбат

Uzbek.life порталининг бу галги суҳбатдоши АҚШда қарийб 24 йилдан буён истиқомат қилаётган ўзбекистонлик тадбиркор, “Мy IT education” компанияси раҳбари Жон Тошматов бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Муваффақият ортидаги қийинчиликлар

Мен Фарғона вилоятида туғилиб ўсганман. Ўрта мактабни тугатгач, Фарғона политехника институтида таҳсил олдим. Болаликда космонавт бўлиш орзуим бўлган. Лекин кейинчалик, АҚШга борганимда хонадош дўстим сабаб айнан IT соҳасига қизиқиб қолганман.

Энди ўйлаб қарасам, 24 йил аввал Қўшма Штатларга бориб aэропортидан тушишим билан илк мустақил ҳаёт ва қийинчиликлар бошланган экан. Америка деганда кўпчиликнинг хаёлида ўз шахсий машинасига эга бўлиш, уй сотиб олиш ёки муваффақиятли карьера қилиш келади. Лекин ҳамма жойнинг ўз қонун-қоидалари бор. Ўз ўрнингизни топиб кетгунингизча сизда турли қийинчиликлар бўлади. АҚШга илк борган кунимда менда янги атмосфера ва ижтимоий муҳитга кўникиш, иш, ўқиш ва пул билан боғлиқ муаммолар бошланган. Биринчи англаган нарсам, менинг инглиз тилини билиш даражам анча камлик қиларкан. Мени мақсадим илм олиш бўлгани боис, кечқурунлари ҳам қўшимча ишлардим. Ресторанда идиш ювган, фермада тинимсиз ишлаган ва эрталабгача ҳайдовчилик қилган кунларимда ўқишни ташлайман деган вақтларим бўлган. Бироқ мақсадга эришиш, ҳолатимни ўзгартириш ва ўзимнинг яхши касбимни топишга бўлган интилиш менга қийинчиликларни енгиб ўтишда энг кучли мотивация берган. Мен учун оғир меҳнатни ақлий меҳнатга айлантириш жуда муҳим бўлган.

Амалиёт назариядан муҳим

Таълим жараёнини кузатарканман, кўпинча назарияга эътибор берилиши билангина яхши кадрлар етишиб чиқмайди. Мени фикримча, ҳар қандай касбни эгаллашда амалиёт жуда муҳим. Масалан, IT соҳасини оладиган бўлсак сиз Java, C++, Frontend каби дастурлаш тилларини назарий жиҳатдан яхши билсангиз-у, лекин амалиётда синаб кўрмаган бўлсангиз яхши мутахассис бўлолмайсиз. Тажриба ва ҳақиқий иш муҳити аслида инсонни яхши мутахассис сифатида шакллантиради. Шу боисдан мен таълим жараёнида 40 % назария ва 60 % амалиёт деб ҳисоблайман.

“Мy IT education” компанияси раҳбари Жон Тошматов

Нимадан бошлаш керак?

Мен 20 йилдан буён IT соҳаси ичидаги инсон сифатида энди соҳага кираётган ва нимадан бошлашни билмай турган инсонларга бир нечта тавсиялар бера оламан. Энг биринчи навбатда сиз ўзингизга йўналиш танлашдан аввал бир нечта дастурларни ўрганиб чиқинг. Яъни IT'нинг тармоқлари ҳақида фундаментал билимларга эга бўлиш бу соҳа сизникими ёки йўқми, қайси дастур сизга мос келади? Булар ҳақида билиб оласиз. Камида 3 ой давомида IT соҳасининг асосини яхшилаб ўрганишини тавсия қиламан. IT жуда ҳам кенг тармоқ. Биз IT деганда фақат дастурлашни тушунмаслигимиз керак. Шу боисдан, ўз танлаётган касбингиз ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлгандан сўнг профессионал таълим олиш мумкин. Юқорида айтиб ўтганимдек, ўрганиш жараёнида энг муҳими, тажриба ва олинган билимларни амалиётда қўллай олишни билиш лозим.

Ҳар кун изланиш ва янги билимларни олиш керак

Замон шиддат билан ўсиб боряпти. Сиздан ҳар кун нимадир ўрганиш ва ўз устингизда излаш талаб этилади. Мен ҳаётим давомида ҳар доим изланиш ва янгиликларга очиқ бўлиш тарафдориман. Тажрибаман келиб чиқиб айтаманки, сиз қанчалик тажрибали бўлсангиз, сизга тўланадиган маош ҳам, иш бўйича таклифлар ҳам доим юқори бўлади. 

Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш 

IT соҳасининг ривожланиши бу мамлакат иқтисодиётининг ҳам ўсишига сабаб бўлади. Бунда жараёнда биринчи ўринда интернет тезлигини яхшилаш зарур. Иккинчидан, малакали кадрларни тарбиялаш IT келажагини белгилайдиган омиллардан. Ҳақиқий муҳитни кўрган, катта хорижий компанияларда ишлаган малакали мутахассисларни жалб қилиш керак деб ҳисоблайман. Нега тайёр халқаро тажрибага эга мутахассисларимиздан фойдаланмаймиз? Бу орқали Ўзбекистонда IT соҳаси бўйича ўқитиш тизимига янгиликлар киритиш ва яхши кадрларни тарбиялаш имкони бор. Учинчидан эса, яхши кадрларни Ўзбекистонда олиб қолиш учун яхши иш ўринлари ва муносиб шароитларни яратиш ҳам муҳим. Ўйлашимча, кейинги 5 йил ичида Ўзбекистонда IT соҳаси бўйича катта янгиликлар бўлади.

Келажакдаги мақсад ва режалар

Ҳозир IT соҳаси бўйича Фарғона водийсида компания ташкил этиш ниятидаман. Бу лойиҳа устида жамоа билан ишлаяпмиз. Яъни ўзимиз ўқитиб, кейин уларни иш билан таъминлаш режа қилинган. 

Тўлиқ видеони UzbekLife’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.

Машҳура Раҳмонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар