Миллий кенгаш раиси Танзила Норбоева кенгашнинг 9 ноябр кунги кенгайтирилган йиғилишида.
Фото: Сенат ахборот хизмати

Кеча, 9 ноябрь куни Танзила Норбоева раислигида ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисига мустақил оммавий ахборот воситалари таклиф қилинмади.

Сенат матбуот хизмати расмий хабарида тадбирни ОАВ вакиллари ҳам кузатгани айтилади. Бироқ бир нечта манбаларнинг Kun.uz'га тасдиқлашича, мажлисда тўлиқ давлат тасарруфидаги “Ўзбекистон 24” телеканали вакиллари қатнашган холос.

Миллий кенгашда олий таълим ва қурилиш вазирларининг соҳада коррупцияга қарши кураш бўйича ҳисоботлари эшитилган. Бу ҳисоботлар ҳам жамоатчилик учун эълон қилинмаган.

“Мажлисда олий ва ўрта махсус таълим ҳамда қурилиш вазирларининг ҳисоботлари эшитилиб, олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди”, – дейилган расмий релизда.

Миллий кенгашнинг 9 ноябр кунги йиғилиши
Фото: Сенат ахборот хизмати

Kun.uz мухбирининг саволига жавобан, Сенат матбуот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов Сенатнинг ҳозирги залида кўпроқ журналист чақириш имконияти йўқлиги, ташкилот янги бинога кўчиб ўтганда шароитлар анча яхшиланишини маълум қилди.

У, шунингдек, вазирларнинг ҳисоботлари ОАВга берилмаслигини билдирди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Миллий кенгашнинг 9 ноябр кунги йиғилишида ҳисоб бермоқда.