Қуйи тизим раҳбарлари томонидан юқоридан туширилган топшириқни «ур-ҳо ур» усулида кимўзарга бажариш борасида навбатдаги «марафон» старт олди. Салла ўрнига каллани эмас, танани ярим белидан узиб олиб бораётганлар ҳам чиқмоқда.

Ўзимга мурожаат қилган, Самарқанддаги хусусий банклардан бирида ишловчи, 8 млн сўм маош, режани бажарганига қараб яна 4–5 млн сўм мукофот пули олувчи танишим айтди: 12–13 млн сўмлик маошни ташлаб, 4–5 млн сўмлик маошга унинг эътирозларига қарамасдан маҳаллага ҳоким ёрдамчилигига ўтказиш учун суҳбатга чақириб, ариза ёзишга мажбурлашяпти экан.

Мен бу ҳақда Телеграм каналимда эълон қилганимдан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев алоқага чиқиб, қуйи бўғиндаги раҳбарлар топшириқни нотўғри тушунишаётгани, ҳеч қандай мажбурлашлар бўлмаётганини айтди. У вилоятда 15 ноябрга қадар танлов эълон қилингани, фақат ўз хоҳиши билан ишловчилар танловда қатнашиши мумкинлигини билдирди.

Ҳокимлик вакилига вазиятни тушунтирдим. «Рўйхат»га тушган бояги ходимнинг исм-фамилияси ва у ишлайдиган банк номини ҳам айтдим. Лекин вазият ўзгармади ва таниш банкир бугун суҳбатга киради. Менимча, уни маҳаллага ўтишга «кўндиришади».

Қандайдир баҳайбат мажбурлов механизми ишга тушгандек гўё...

Президент нима деди-ю, «қўбизлари» нима қиляпти?

Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича «ҳоким ёрдамчилари» лавозимлари жорий этилиши ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ўтган ойда Сурхондарё вилоятида ўтказилган сайловолди учрашувида маълум қилган эди.

«Энди ҳар бир маҳалланинг ўз бюджети бўлади. Шу орқали эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитишни ташкил этиш ваколатлари ҳоким ёрдамчиларига берилади.

Ҳоким ёрдамчилари иқтисодиёт ва инвестиция идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган билимли ва шижоатли ёшлар орасидан танланади. Лавозимга қўйишдан олдин улар икки ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитилади. 2–3 йил маҳаллада фидокорона ишлаб, ўзини кўрсатганларни келгусида раҳбарлик лавозимларига тайинлаймиз.