4 ноябрь куни кечқурун Тошкентда ғайриоддий чанг-қумли туман тушиши ҳодисаси кузатилди. “Ўзгидромет”га кўра, сўнгги 150 йил ичида бу каби чангнинг бир неча кун давомида ҳавода сақланиб қолиши кузатилмаган ва бу мутлақо кутилмаган ҳолатдир.
Гидрометеорология хизмати мутахассиси Эркин Абдулаҳатовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирда ҳам Тошкент ҳавосида чанг зарралари кам миқдорда сақланиб турибди. Бу моддалар ўпка билан боғлиқ касаллиги бор инсонлар учун зарарли бўлиши мумкин.

Айни пайтда атмосферадаги ҳолат қандай?
10 ноябр ҳолатига ҳавода мавжуд майда дисперс чанг заррачалари ўрганилганда, улар соғлом инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмаслиги аниқланди. Чунки айни пайтда Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори бир метр куб ҳаво таркибида 160 микрограм(мкг)дан кам. Яъни 90-100 мкг/м³. Бу юқори хавфни англатмайди.
Ҳавода майда дисперс заррачалари икки хил катталикда бўлади. 2,5 ва 10 микрондан кичик чанг заррачалари. Масалан, бир метр куб ҳаво таркибида 30 мкг/м³ миқдордаги 2,5 микрон заррачалар гигиеник меъёр ҳисобланади. 2,5 микрон заррача соч толасидан 40 баробар майда заррачадир. Улар ниқоб ёки бошқа халқона ҳимоя воситалардан (дока ёки бошқа матолар) ҳам киради ва ўпкага бора олади. Шунинг учун аллергик бронхит, ўпка билан боғлиқ касаллиги бор беморлар ҳозирги ҳаводан нафас олса, чанг зарралари касаллик қўзғатувчи таъсир кўрсатиши мумкин”, дейди мутахассис.
Ўзбекистон иқлими қуруқлашиб боряпти
Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, ўрганишлар охирги 10 йил ичида Ўзбекистон иқлимида кескин ўзгаришлар кузатилаётганини кўрсатмоқда. Мамлакатда авваллари йил давомида ўртача ҳисобда 80 кун совуқ ҳаво оқимлари кириб келган бўлса, ҳозир бу кўрсатгич тенг икки баробарга камайиб, ўртача ҳисобда 35-40 кунга камайди.
Ёз ойларида ҳавони бироз мўътадиллаштирадиган совуқ оқимлар охирги йиллар республикага умуман кириб келмаяпти. Бу ҳаво ва тупроқда қуруқлашишни кучайтиради. Бу дунёда бўлаётган иқлим ўзгариши минтақамизга жиддий таъсир қилаётганини англатади.
“Республикада қиш ойлари ҳам қор кам ёғяпти, ёз эса иссиқ бўлиб кетмоқда. Буларнинг ҳаммаси глобал иқлим ўзгаришининг бизнинг мамлакатга таъсири билан боғлиқ”,
















