17:12 / 13.11.2021
8468

Ортиқча фанлар, аудиториялар етишмаслиги, мустақил таълим масаласи — олий таълим вазири ОТМлардаги муаммолар ҳақида

Олий таълим вазири ОТМлардаги таълим сифати ва кредит-модул тизимидаги бешта муаммога тўхталди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

13 ноябр куни олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов раҳбарлигида олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, кредит-модул тизимини татбиқ этишдаги муаммоларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазир ОТМлардаги беш асосий муаммони санади, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Биринчидан, ОТМларда ўқув режаларидаги фанлар кредит-модул тизимининг талаб ва мақсадларига мос келмайди; аксарият муассасаларда тизимдаги ўқув режага эски ўқув режадаги фанлар кўр-кўрона кўчирилган. Ушбу фанлар соатлари кредитларда ҳисобланган ҳолда шакли ўзгартирилган, холос. Ўқув режаларини ТОП-500таликка кирган университетлар ўқув режалари асосида жиддий кўриб чиқиш керак.

Вазирлик ҳузуридаги таълимни ривожлантириш маркази раҳбари алмашди, яна 80 фоиз ходими алмашади.

Иккинчидан, талабаларнинг мустақил таълими тўғри ташкил этилмаган. Ўзи кредит-модул тизими профессор ўқитувчи учун роҳати жон бўлиши керак, яъни биз талабанинг мустақил ишлаши учун катта йўл очиб, илм қилишимиз учун имконият қилишимиз керак. Кафедралар, борингки, вазирлик бу борада ўқитувчиларнинг юкини енгил қилмади.

Учинчидан, фан дастурлари, силлабусларнинг талабга жавоб бермаслиги. Талаба шунга қараб фанни танлайди. Қайсидир ОТМ талабага фаннинг мажмуасини берган: сиз танланг, биз ўқитамиз деб, лекин ҳаммаси ҳам эмас.

Тўртинчидан, фанларни танлашда талабага қийинчилик туғдирувчи тизим яратилган. Ортиқча фанларнинг мавжудлиги талабаларда фанни тўғри танлаш имкониятини пасайтирмоқда. Минг афсуски, бунда вазирликнинг ҳам айби бор. Агар эплолмаса, вазирликнинг яна 50 фоиз ходими алмашади.

Бешинчидан, маъруза залларида аудитория сиғимининг камлиги ҳамда бу йўналишда чекловлар мавжудлиги. Аксарият ОТМларда аудиториялар етишмаслиги туфайли дарслар онлайн ёки бир неча сменада ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, ўқитувчилар етишмаслиги туфайли маъруза дарслари ҳали малакаси бўлмаган ёш ўқитувчиларга берилган.

100-500 киши ўтириб ўқийдиган аудиториялар билан дарс соатларини мувофиқлаштириш керак. Бу ҳам хорижий тажриба”, — деди вазир.

Маълумот учун, вазир бошчилигидаги йиғилиш ва семинар-тренингда 96 та давлат олий таълим муассасаларидан 24,5 минг иштирокчи ZOOM платформаси орқали қатнашди.

Top