Ўзбекистон | 14:43 / 15.11.2021
21948
4 дақиқада ўқилади

Янги соғлиқни сақлаш вазири тунда Тошкент шифохоналаридаги вазиятни ўрганди

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ тунда пойтахт шифохоналаридаги вазиятни ўрганди. Шунингдек, шошилинч йиғилиш ўтказилиб, шифо масканларида 600дан зиёд қўшимча койкалар ташкил этилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистонда ёш болалар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда. Ушбу хасталикларнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келяпти. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар сезиларли ортган.

«Шу сабабли соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, 13 ноябрь тунда пойтахт шифохоналаридаги вазият ўрганилди. Шундан сўнг 14 ноябрь тонгги соат 04:30да Тошкент шаҳрида болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида вазир бошчилигида шошилинч йиғилиш ўтказилди», — дейилади хабарда.

Натижада ўша куннинг ўзида ўрганиш хулосалари таҳлил қилиниб, пойтахтдаги шифо масканларида 600дан зиёд қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилган ҳамда она ва болаларга даволанишлари учун етарли шароитлар яратилган, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож айрим йўналишдаги болаларнинг «Тез ёрдам» машиналари орқали ихтисослашган тиббиёт муассасаларига етказилиши таъминланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири ярим тунда мажлис ўтказиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарнома юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев қўшимча изоҳ берди.

«Албатта, четдан қараганда бу ҳолат соҳа вакилларига нисбатан қаттиққўлликдек туюлиши мумкин. Лекин вазиятдан бохабар бўлганлар, шу кунда фарзандларининг тоби қочганлар бундай кескин чоралар сабабини тўғри тушунишади.

Маълумки, куз ва қиш ойларида болалар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар кенг тарқалади. Шу йил октябрь ойидан бошлаб мамлакатимизда ёш болалар орасида бундай касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилди. Бу борадаги энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда. Натижада пойтахтдаги шаҳар болалар клиник шифохоналарига юкламалар сезиларли даражада ортган.

Масалан, ўрганилган тиббиёт муассасаларидан иккитасида — Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонасида 142 нафар, Тошкент шаҳар 3-сон болалар клиник шифохонасида эса 37 нафар бемор ва уларнинг оналари ўрин-жойлар етишмаётгани туфайли коридорларда ётиб, даволанаётгани, бундан биринчи навбатда жажжи болажонларимиз азият чекаётгани аниқланди. Бу каби ҳолатлар зудлик билан шифохоналарга тушаётган юкламаларни камайтириш, бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун тезкор  чоралар кўришни тақозо этди.

Айни сабабдан Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, 13 ноябрь тунда пойтахтдаги қатор шифохоналардаги вазият ўрганилди. Шундан сўнг 14 ноябрь тонгги соат 04:30да Тошкент шаҳрида болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазири бошчилигида шошилинч йиғилиш ўтказилди.

Болаларимиз саломатлиги учун айрим масъулларни озгина уйқусидан безовта қилиб, ўтказилган мажлисдан қандайдир кир қидириш шарт эмас, назаримда. Чунки касаллик «бугун дам олиш ёки байрам куни экан, келаси ҳафтагача кутиб турай» демайди. Айниқса, болалар саломатлиги масаласи турганда сусткашликка асло йўл қўйиб бўлмайди», дейди Фурқат Санаев.

Мавзуга оид