Ўзбекистон | 12:55 / 17.11.2021
10046
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги Ўзбекистон Қирғизистонга нима сабабдан электр энергияси етказиб бераётганини тушунтирди

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Қирғизистонга нима сабабдан электр токи етказиб бераётганига ойдинлик киритди. У бу ҳақда “Севимли” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон энерготизимлари параллел режимда ишлайди.

“Электрлаштириш бошланганда Марказий Осиёда режалаштирилган даврда мана шу иккита энерготизим бир-бирининг хусусиятидан, имкониятидан келиб чиққан ҳолда уйғун ишлаши ва мавсумий нуқтайи назаридан бир-бирини қўллаб-қувватлаб туриши режалаштирилган. Минг афсуски, кейин мана шу иш тизими бузилиб кетган эди. Охирги 3-4 йилда қўшни мамлакатларимиз энергия тизимлари билан ҳамкорлигимиз янада кучайиб, энг яхши режимларда ишлаганидек муносабатларга қайтиб келдик”, дейди вазир ўринбосари.

Маълум қилинишича, Қирғизистон энергия тизимида электр энергиясини ишлаб чиқариш асосан сув ресурсларига боғлиқ. Сув ресурсларига боғлиқлигини Ўзбекистонга ҳам салбий, ҳам ижобий таъсири бор.

“Куз-қиш мавсумида, Қирғизистонда энергияга бўлган талаб ортган даврда агар улар электр энергиясини кўпроқ ишлаб чиқариб “Тоқтогул” сув омборидан сувни кўпроқ чиқариб юборишса, кейинги йил баҳор-ёз ойларида мана шу сув ҳажмини тўлдиришга мажбур бўлишади ва ёзда сув чиқариш миқдорини кескин камайтиришга мажбур бўлишади.

Албатта, бу бизнинг Фарғона, Андижон, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари қишлоқ хўжалигига ўзини салбий таъсирини кўрсатади. Шунинг учун жуда узоқ вақт мобайнида мана ўзаро мавсумий энергия алмашинуви йўлга қўйилган эди. Гидроресурслардан фойдаланиш – кўпроқ ёз ойларида, иссиқлик электр станцияларидан фойдаланиш – кўпроқ қиш ойларида.

Бу ерда яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, биздаги кузатилаётган сув танқислиги Қирғизистонда кузатилаётган сув танқислигидан бир мунча юмшоқроқ. У ердаги сув танқислиги жуда ҳам юқори нуқтага етиб келди. Яъни, “Тоқтогул” сув омборидан сув чиқариш режими нормал равишда амалга ошириладиган бўлса, баҳор ойига келиб сув омбори тўлиқ бўшаб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Шунинг учун биз жорий йил бошида Қирғизистон энергетиклари билан ўзаро 3 йиллик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқлаганмиз. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган. Шунга кўра, мавсумий энергия алмашинуви йўлга қўйилган. Баҳорда ва кузда электр энергиясини биз уларга етказиб берамиз, улар эса бизга ёзда қайтариб беришади. Натижада, бизнинг қишлоқ хўжалигимиз кўпроқ сувга эга бўлади ва аксинча уларнинг сув омборларида қиш ойлари учун кўпроқ сувни сақлаш имкониятлари юзага келади”, деди Шерзод Хўжаев.

Билдирилишича, Ўзбекистон энергия тизими Қирғизистон энергия тизимидан тўрт баробар катта. Сентябрь ойида ёки март-апрель ойларида Ўзбекистон етказиб берадиган ҳажм энергия тизимининг 1,5 кунлик истеъмолига тенг. 

“Биз учун ундай катта миқдорлар тўғрисида гап кетаётгани йўқ, лекин уларнинг энергия тизими 4 баробар кичкина бўлганлиги учун уларга бу сезиларли аҳамиятга эга”, деди вазир ўринбосари.

Мавзуга оид