Ўзбекистон | 00:22 / 17.11.2021
118105
7 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожоновга мурожаат қилган профилактика инспекторига жиноят иши очилиб, қамоққа олинди

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Сардорбек Отабоевга нисбатан Жиноят кодексининг 168- ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Facebook/olimjon.haydarov

Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар собиқ профилактика инспектори шаҳар 2-сонли ИИБдаги ҳолатлар юзасидан ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга йўллаган видеомурожаати тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ва бош прокуратура изоҳ берди.

Профилактика инспекторининг шов-шувли мурожаати

Наманган шаҳридаги 2-сонли ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори, катта лейтенант Сардорбек Отабоев 12 ноябрь куни Facebook орқали ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат қилиб, ўзи ишлаётган идорада содир бўлаётган адолатсизликлар, тизимдаги коррупция ҳақида арз қилганди.

Видеомурожаатда у Наманган шаҳридаги 2-сонли ИИБ раҳбари профилактика инспекторларига ҳар куни бештадан маъмурий баённома тузиш, бир йилда 2та маъмурий назорат ўрнатиш каби ноқонуний талабларни мажбурий режа сифатида белгилаб берганини, бу режаларни бажармаган ходимларни эса ишдан ҳайдаш билан қўрқитиб келганини айтган.

Шунингдек, видеомурожаатда мажбурий режани бажармай туриб «гап эшитмаслик» йўли борлиги ҳақида ҳам сўз боради. Видео муаллифининг айтишича, ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғига 50 доллар “узатилса”, режа бажарилган деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, 2-сонли ички ишлар бўлимида таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчилик, мансабни суиистеъмол қилиш каби ноқонуний ҳаракатлар авж олгани таъкидланган. Раҳбарларнинг қонунга зид кўрсатмаларига қарши чиқиб, ҳуқуқини талаб қилган ходимлар ҳақоратланган ва уларга турлича босим қилинган.

Расмийлар муносабати

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати видеомурожаат тарқалган куни ҳолат юзасидан муносабат билдирган, Отабоев хизмат мавқейидан фойдаланиб, фирибгарлик жинояти содир этганликда гумонланаётганини билдирганди.

«2021 йил сентябрь ойида фуқаро М.Ю.нинг катта лейтенант С.О.нинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризасига асосан ўтказилган хизмат текшируви давомида катта лейтенант С.О. 2021 йил бошларида Наманган шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқаро ва унинг бирга яшовчи ўғли, 1994 йилда туғилган фуқаро ҳамда Наманган шаҳар Давлатобод туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқароларга кредит олиб беришни ваъда қилиб, ишончига кириб, уларнинг шахсига оид ҳужжатлари нусхаларини олиб, сўнг расмий ҳужжатлигини билатуриб, сохта маълумотлар киритиб, ушбу фуқароларнинг номларига Халқ банки орқали 81.400.000 сўм кредит олиб, кўп миқдордаги мулкларини қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланиб, текширув якунига кўра 2021 йилда катта лейтенант С.О. эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши ҳақида хулоса қилинган.

Наманган вилояти ИИБнинг хизмат текшируви хулосаси ва тўпланган ҳужжатлар ва аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун Наманган шаҳар прокуратурасига юборилган. Прокуратура органлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув якунига кўра, юқоридаги ҳолат юзасидан 21.10.2021 йилда ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б, в» бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқейидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади расмий муносабатда.

Вилоят ИИБ баёнотида, шунингдек, катта лейтенант Сардорбек Отабоев жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўзининг раҳбарларидан норозилиги мазмунида видеомурожаат қилгани, ўтказилган дастлабки суриштирув ишлари давомида видеодаги иддао тасдиғини топмагани, видеомурожаат бўйича айни пайтда қўшимча текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Бундан ташқари, Сардорбек Отабоевнинг етарли асослари бўлмаган ҳолда ўзининг раҳбарига туҳмат қилиб, билатуриб, шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани таъкидланган.

Сардорбек Отабоев ва унинг оиласи билан алоқада бўлиб турган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг ёзишича, 13 ноябрь куни Наманган шаҳар прокуратураси томонидан берилган тақдимномага асосан суд ажрими билан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган ва Отабоевга нисбатан қидирув эълон қилинган. 14 ноябрь – якшанба куни Сардорбек ушланиб, қамоққа олинган.

Блогернинг айтишича, икки кундан бери алоқага чиқмаётган профилактика инспекторини қидириб 16 ноябрь куни Наманган шаҳар прокуратураси Тергов бўлимига борганидан сўнг унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганидан хабар топган. Унгача уйдагилари Сардорбекнинг қаердалигини билишолмаган.

«Шундан сўнг Бош прокуратуранинг ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Телеграм каналида Сардорбекка нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида илк марта расмий хабар берди. Катта эҳтимол билан бунга менинг Наманганга бориб у ҳақда сўраб-суриштирганим сабаб бўлди, шундан кейин расмий баёнот беришга қарор қилишди, назаримда», дейди Олимжон Ҳайдаров.

Бош прокуратура матбуот хизмати Сардорбек Отабоев бошқа фуқароларнинг номига олинган жами 81,4 млн сўм кредит маблағларини талон-торож қилганликда гумонланаётгани, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168- ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

«Гумонланувчи турли баҳоналар билан терговга келишдан бош тортиб яширингани сабабли, унга нисбатан сиртдан айб эълон қилиниб, 13 ноябрь куни суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида 14 ноябрь куни айбланувчи ушланиб, ҳимоя ҳуқуқлари таъминланган ҳолда терговга жалб қилинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура баёнотида.

  • Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ профилактика инспектори Нозимжон Нишонов ижтимоий тармоқ орқали Фарғона вилояти Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари устидан очиқ шикоят қилган, у ўз мурожаатида бошлиқ ўринбосари ўз молхонаси қурилишида инспекторларни ишлатгани, улардан 55 минг сўмдан пул йиғиб олгани, ҳайдовчиларни жаримага тортиш бўйича «план» белгилаганини айтганди.
  • Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов интернетда тарқалган видеомурожаат бўйича изоҳ бераркан, Нозимжон Нишоновнинг Қува тумани ИИБ раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича тарқатаётган важлари ўрнатилган тартибда текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.

Мавзуга оид