Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023 йилнинг 1 январидан бошлаб, йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий этилиши кутиляпти.

Белгилаб қўйилишича, йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўшимча чора ҳисобланади. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда электрон тизим орқали ҳисоблаб борилади.

Ҳайдовчига нисбатан транспорт воситасида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларининг қўлланиши, шунингдек, балларнинг умумий миқдори ўн икки ёки ундан ортиқ баллга тенг бўлганда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этиш уни қонунда назарда тутилган асосий жазодан озод этмайди. Йил мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган транспорт воситалари ҳайдовчиларига, рағбатлантириш тариқасида, кейинги йилда йўл ҳаракати қоидаларини биринчи маротаба бузганлиги учун биринчи жарима балл ҳисобланмайди.

Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизими жорий этилиши кутиляпти. Батафсил

Белгилаб қўйилишича, ўн икки ва ундан юқори баллга тенг бўлган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ҳайдовчилар томонидан қайта имтиҳон топширишда тўланадиган тўловлар қуйидаги тартибда тақсимланади: 90 фоизи – Давлат бюджетига; 10 фоизи - Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўтказилади ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари, шунингдек ҳайдовчиларнинг мобил алоқа воситаларига хабар юбориш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга мақсадли йўналтирилади.

Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникaцияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбекистон почтаси” АЖ билан биргаликда 2023 йилнинг 1 январигача ўрнатилган тартибда электрон шаклда жарима баллари бериш ва ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганда уларни ҳисоблашнинг электрон тизимини ишлаб чиқади. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг умумий йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун тўплаган баллари миқдори саккиз баллга тенг бўлганда, буюртма почта жўнатмаси ёки уларнинг мобил алоқа воситасига бу ҳақда “SMS” хабар юбориш орқали огоҳлантириш тартибини жорий қилади.