Ўзбекистон | 08:25 / 19.11.2021
8639
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан «салмоқли ҳужжатлар тўплами»ни имзолайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 ноябрь куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказади.

© РИА Новости / Алексей Никольский

Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, сиёсатчилар савдо, сармоявий ва гуманитар ҳамкорликка эътибор қаратган ҳолда икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг асосий масалаларини муҳокама қилади. Шунингдек, улар халқаро муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни ҳам кўриб чиқади. 

«Икки томонлама ҳужжатларнинг муҳим пакети имзолаш учун тайёрлаб қўйилди», - дея хабар берди Кремль. 

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага бугунги ташрифи чоғида имзоланадиган ҳужжатлар ҳақида гапирди.

«Ташриф давомида халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича йирик сиёсий қўшма баёнот қабул қилинади. Президентлар учрашуви чоғида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 18 та ҳужжат имзоланади. Халқаро ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги битим, қурилиш, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ҳужжатларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим», деди у.

Лавровнинг сўзларига кўра, ташриф чоғида томонлар халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, биологик хавфсизлик бўйича ҳукуматлараро англашув меморандумини имзолайди.

«Бу замонавий дунёда ривожланаётган ва ҳамкорлигимизнинг ушбу йўналиши, шунингдек, кибермакон ва биологик хавфсизлик соҳасида юзага келаётган хавф ва таҳдидларни акс эттирувчи воқеаларнинг иккита долзарб жиҳати. Биз икки вазирлик ўртасида ҳамкорлик дастурини қабул қилишни режалаштирганмиз. У 2022-2023 йилларга мўлжалланган. Унда Россия ва Ўзбекистон манфаатлари муштараклиги ҳамда ҳар бир давлатнинг миллий устуворликларини халқаро майдонда келишилган ҳолда илгари суриш вектори белгилаб берилади», деди у.

Аввалроқ миграция амнистияси эълон қилинган эди, у туфайли Россия чегарасини кесиб ўта олмаган 158 минг Ўзбекистон фуқаросига Россия Федерациясига киришга рухсат берилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид