Суҳбатдошимиз Наманган вилоятида туғилиб ўсган. Дастурлаш соҳасини даставвал YouTube’даги видео дарслар орқали ўрганишга ҳаракат қилган.
Culture shock’ни қандай қилиб енгиш мумкин?
Ўзбекистонда бакалаврни тамомлагач Қўшма Штатларга илк келган вақтим 23 ёшда эдим. Албатта, ҳар қандай инсон учун янги муҳитга, янги атмосферага кўникиш қийин бўлса керак. Ҳаётдан олиб қарасак ҳам бир дарахтни ўсиб турган жойидан кўчириб, бошқа жойга ўтказсангиз янги жойда ўсиб-яшнаб кетгунча вақт керак бўлади. Маданиятлар хилма-хиллиги, одамлар муомаласи, бошқа турдаги овқатларга ўрганиш барибир ҳам осон бўлмайди. Кўпчилик қатори менда ҳам бошида сulture shock бўлган. Америкадаги ижтимоий ҳаётга мослашиш ва сulture shock’ни енгиш учун кўпроқ дўстлар орттиришга ҳаракат қилдим. Чунки қанчалик кўп одамлар билан мулоқот қилсангиз муҳитга мослашиш ҳам осон кечади. Маслаҳатим, иложи борича атроф-муҳитни ўрганишга, америкаликлар нималарни қадрлаши ҳақида кўпроқ билиб олиш зарур. Чунки сиз яшаётган давлат қаер бўлмасин, у ердаги инсонларнинг одатларини қадриятларини, албатта ҳурмат қилишингиз лозим. Қайси давлатга борманг сulture shock’ни енгиш учун ишлайсизми ё ўқийсизми кўпроқ одамлар билан мулоқот қилишга ҳаракат қилинг. Ҳеч қачон уялиб турмай тадбирлар, танловларда, албатта қатнашинг.

Ўзбекистондан туриб Америкадан иш топганман
Америкага келиш учун асосли сабабингиз бўлиши керак. Масалан, таълим, иш ёки миграция жараёни. Мен ўқишни тамомлагандан сўнг Ўзбекистондан туриб Америкадан стартап компаниясидан дастурчилик бўйича иш топганман. Ишга кириш жараёнидаги интервью онлайн тарзда бўлган. Бу компания биотехнологиялар бўйича иш олиб борарди. Ушбу компаниянинг асосий фаолияти ҳали давоси топилмаган турли касалликлар учун даволовчи дори воситалар ва вакцина топиш, яъни ишлаб чиқаришдан иборат эди. Америкада стартап компаниялар жуда ҳам кўп. Кейинчалик бошқа бир стартап компанияга ишга ўтганман. Ўзи аслида катта компаниялардан кўра стартап компанияларда ишлаш ҳам қулай, ҳам осонроқ. Бу компанияда асосан робототехника ва короботикларнинг операцион системаси бўйича иш олиб бораётган жамоада ишлаганман.













