Парламент қуйи палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўз мақоласида Шавкат Мирзиёевнинг ахборот-технологиялари ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ташаббуслари миллий, минтақавий ва глобал IT тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланганини айтади.
“Мазкур ташаббусларнинг долзарблиги ва истиқболли экани нуфузли халқаро ташкилотлар фаолияти кун тартибининг ажралмас қисми сифатида ўрин олиши, халқаро ҳамжамият томонидан ўзаро мувофиқ ва келишилган қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш учун асос яратишга хизмат қилмоқда”, – дея ёзади Илҳом Абдуллаев.
Депутат, ўз мақоласида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга доир, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида инновациялар трансфери учун экспертлар ва IT мутахассисларига доимий ахборот майдонини яратиш бўйича ташаббусларини келтириб ўтган.
Илҳом Абдуллаев Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида ахборот олиш эркинлигига доир билдирган фикрларидан ҳам иқтибос келтирган:
“Мамлакатимизда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш учун сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда. Биз бу йўлни давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ва уни изчил давом эттирамиз”, – деган эди Шавкат Мирзиёев.
Илҳом Абдуллаев, ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар форумини таъсис этиш ташаббуси ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган Халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма баёнот ҳақида ҳам фикр билдирган.
“Давлатимиз раҳбарининг Россияга ташрифи чоғида имзоланган мазкур ҳужжат стандарт келишувлар доирасидан анча кенг бўлиб, Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг ахборот тараққиёти истиқболларига нисбатан кенг кўламли дастурий қарашларини қамраб олган.

















