Толиблар Ўзбекистонга Афғонистондан таҳдид келмаслигини яна бир бор маълум қилди
Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги мамлакат делегацияси Кобул шаҳрига ташриф буюриб, Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти, Ташқи ва Ички ишлар, Жамоатчилик, Энергетика ва Иқтисодиёт вазирликларида музокаралар олиб борилди. Мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томонидан электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилди.
Афғонистон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлади. Бу лойиҳалар мамлакатни минтақавий жараёнларга босқичма-босқич жалб этишнинг асосий омилига айланган интеграция ва ўзаро боғлиқликка хизмат қилади.
“Афғонистон вакиллари Ўзбекистон томонини Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига, умуман, бутун дунёга заррача таҳдид ҳам ҳеч қачон ушбу давлат ҳудудидан келмаслигига ишонтирди”, дейилади маълумотда.
Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирди. Мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши айтилади.
Афғонистон томони минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида Ўзбекистон билан биродарлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш йўналишини бундан кейин ҳам давом эттиришга қатъий эканини тасдиқлади, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024